Бугунги кунда Андижон вилоятида экспорт фаолияти билан шуғулланаётган 150 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари мавжуд бўлиб, ўтган давр мобайнида улар томонидан 20 миллион АҚШ доллари миқдорида маҳсулотлар экспорт қилинди. Аҳамиятлиси, ана шу корхоналарнинг 51 таси экспорт фаолиятига янги жалб қилинганига қарамай 5 миллион АҚШ доллари қийматли маҳсулотлари жаҳон бозорида ўз харидорини топди.
Экспорт географиясини кенгайтириш ва ташқи бозорда маҳсулотларимизнинг рақобатдошлигини ошириш мақсадида вилоятдаги корхоналарга “Ўзстандарт” агентлиги “Андижон синов ва сертификатлаштириш маркази” давлат корхонасининг мутахассислари томонидан берилаётган кўмаклари натижасида "Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган!" ёрлиғи остидаги маҳсулотларимиз 15 та хорижий давлатлардаги буюртмачиларга етказиб бериляпти. Жумладан, Хитой, АҚШ, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон, Ҳиндистон ва Исроил давлатларидаги ҳамкорларимиз сафи кенгайиб бормоқда. Биргина Олтинкўл туманидаги "Крав текс" МЧЖ да тайёрланаётган трикотаж буюмлари Россия давлатида юқори баҳолангани фикримиз далилидир.
“Андижон синов ва сертификатлаштириш маркази” давлат корхонасининг Маҳсулотни экпорт қилишга кўмаклашиш бюроси вакили ҳамда Сертификатлаштириш идораси мутахассислари иштирокидаги ўтказилган семинар учрашувида корхона ишчи-ходимларига ишбилармонлик муҳитининг ишончли ҳимоясига қаратилган меъёрий ҳужжатлар юзасидан тушунтиришлар берилди. Шунингдек, тўқимачилик ва трикотаж маҳсулотлари импорти ва экспорти соҳасидаги янгиликлар ва муҳим ўзгаришлар тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.
Тадбир жонли рухда ўтиб, барча иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Ахборот хизмати