Ўзбекистон азалдан турли миллатга мансуб, турли динларга эътиқод қилувчи халқлар тинч-тотув яшаган ўлка бўлиб келган. Аждодларимиз бошқа дин вакилларига доимо ҳурмат билан муносабатда бўлгани, Ватан тараққиёти йўлида елкадош бўлиб меҳнат қилгани тарихий манбаларда кўп қайд этилган.
“Ўзстандарт” агентлигида ташкил этилган навбатдаги “Маънавият соати”да юртимиздаги тинчлик-хотиржамликни асраб-авайлаш, бизнинг маърифатимизга ёд бўлган иллатлардан огоҳ бўлиш масалалари чуқур таҳлил этилди.
Учрашувда Давлат Хавфсизлик хизмати ходими Ж.Нажмиддинов иштирок этди.
Йиғилишни “Ўзстандарт” агентлиги Бош директори ўринбосари Ж.Шукуров кириш сўзи билан очиб, белгиланган мавзунинг нақадар долзарб эканлиги, тинчлигимиз, тараққиётимиз учун ўта хавфли бўлган бундай иллатларга қарши муросасиз кураш олиб бориш барчамизнинг муқаддас бурчимиз эканлигини яна бир бор таъкидлаб ўтди.
Шунингдек учрашув давомида ходимларга ДХХ ходими томонидан олиб келинган филимнинг намойиши ҳам ташкил этилиб, сўнгра мулоҳазалар, таклифлар ва тавфсиялар билдирилди.
Сир эмас, бугун мусулмон оламида мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнлар кечмоқда. Яқин Шарқ ва бошқа ҳудудлардаги қатор мамлакатлар чуқур сиёсий танглик, ижтимоий ва иқтисодий беқарорлик ва қуролли тўқнашувларни бошидан кечирмоқда.
Мазкур ҳудудларда гўёки ҳақиқий “исломий давлат” қуриш шиори остида очиқдан-очиқ зўравонлик, инсонийликка зид ваҳшийликларга асосланган амалларга қўл ураётган турли гуруҳ ва жамоалар урчиб кетди.
Бугунги кунда дунёнинг турли минтақа ва ҳудудларида авж олаётган қарама-қаршиликлар, қонли тўқнашувлар, мусулмон дунёсидаги турли мазҳаб ва оқимлар ўртасида кучайиб бораётган низо ва зиддиятлар, бегуноҳ одамларнинг қурбон бўлаётгани барчамизни ташвиш ва хавотирга солмай қўймайди.
Ушбу ҳолатлар давлатнинг катта ёки кичиклиги, дини ва миллатидан қатъий назар, тинчлик ва барқарорлик нақадар азиз неъмат эканини яна бир бор исботлаб бермоқда.
Хулоса шулки, бундай учрашувлар қанчалик кўп ташкил этилса, барчани шунчалик огоҳликка ундашига шубҳа йўқ.
Ахборот хизмати