Ёшларнинг ақлий салоҳияти, маънавияти ва дунёқарашини юксалтиришда китобнинг ўрни беқиёс. Юртимизда китобхонлик маданиятини янада ошириш, айниқса ёш авлодни  мутолаага ундаш каби вазифалар ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бирига айланди. Хусусан, халқимиз, айниқса, ёш авлоднинг маънавий салоҳияти, тафаккури ва дунёқарашини юксалтиришда, Ватани ва халқига муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол шахсни тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга бўлган китобхонлик маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қашқадарё синов ва сертификатлаштириш марказининг ташаббуси билан ташкил этилган  навбатдаги маънавият соатининг мавзуси – “Китобхонлик маданиятини ошириш – давр талаби»га ба-ишланди.

Учрашувни марказ директори У.Амирқулов кириш сўзи билан очиб,  Республикамизда китобхонлик маданиятини юксалтириш мақсадида бадиий адабиётга қизиқишларини ошириш, шунингдек инсонларда турли диний оқимлар, терроризм, диний экстремизм ва бошқа халқимизга ёт ғояларга қарши тушунчаларни шакллантириш мақсадида турли маънавий тадбирлар, энг илғор китобхон ходим тўғрисидаги танловлар, китоб ярмаркалари ўтказиб келинаётганлиги тўғрисида гапириб ўтди.

Шу куни марказда “Қашқадарё кўзгуси нашриёти ва китоб савдоси медиа маркази” УК билан ҳамкорликда “Китобхон жамоа” шиори остида бир кунлик китоблар ярмаркаси ташкил этилди. Унда барча марказ ходимлари ва уларнинг оила аъзолари  иштирок этдилар.

Ярмаркада мамлакатимизнинг «Адолат», «Шарқ» ва «Ўқитувчи» сингари етакчи нашриётларининг 150 дан ортиқ номдаги илмий ва бадиий нашрлари, болалар адабиётлари тақдим этилди. Ярмарка доирасида тақдим этилган бир қатор адабиётлар, жумладан Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев асарлари, Ўзбекистон Республикаси конституцияси, таниқли адибларимиз Абдулла Орипов, Тоҳир Малик ва Шукрулло асарлари ва бошқа адабиётлар тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Ярмарка якунида иштирокчилар томонидан кўплаб адабиётлар харид қилиндики, бу уларнинг маънавий оламини бойитишга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Зеро ёзувчи Асқад Мухтор айтганидек, “Китоб — бойлик. Лекин сотиб олингани эмас, ўқилгани”. Шундай экан, ҳар қандай китобни сотиб олиб токчага қўйиш эмас, балки уни бир бор меҳр билан ўқисак мақсадимизга эришган бўламиз, фарзандларимизни баркамол авлод қилиб тарбиялай оламиз.