Жиззах синов ва сертификатлаштириш маркази томонидан маънавий-маърифий учрашувлар ташкил этилиши бошланди.
Мазкур учрашувга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Жиззах вилояти вакиллигининг Хаваслик жомеъ масжиди имом хатиби Н.Ахмедов таклиф этилди. Маърифий учрашувни марказ директори в.б. А.Холмирзаев кириш сўзи билан очиб, барчани муборак рамазон ойи билан табриклади.
Сўнгра Н.Ахмедов сўз олиб, “ Саховат – шукр аломатидир” мавзусида маъруза қилди. Дарҳақиқат сахийлик энг яхши инсоний хулқларидандир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом яхшилик қилишда, сахийликда, инфоқ-эҳсон қилишда саховатлиларнинг саховатлиси эдилар. У зотдан бирон нарса сўралса, асло йўқ демасдилар. Сахийлик нажот топишнинг йўлларидандир. Аллоҳ таоло сахийликни инсонларнинг энг яхши фазилатларидан санаб, сахий кишиларга охиратда улкан ажр - савоблар бўлиши хабарини берган: “Аллоҳ йўлида молларини инфоқ-эҳсон қиладиган кишиларнинг мисоли худди ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқарган бир дона донга ўхшайди. Аллоҳ ўзи хоҳлаган бандаларига бир неча баробар қилиб беради. Аллоҳ (фазли-карами) кенг, билгувчи зотдир" (Бақара сураси, 261-оят). Раббимиз ўз бандаларини доимо хайру саховатли бўлишга буюради. Сахийлик инсонга бахт-саодат келтирадиган ва ўзгаларнинг севимли кишисига айлантирадиган хислатдир. Меҳр-мурувват, ҳамжиҳатлик, сахийлик халқимиз ардоқлаган, асрлар оша амал қилиб келаётган гўзал фазилат ҳамдир. Хайр-саховат, сахийлик инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарининг мустаҳкамланишига, ўзаро ҳурмат ва тотувликнинг ортишига хизмат қилади. Донолар айтганидек, “Ақлнинг қадри одоб билан, бойлик қадри саховат билан ошади”.
Учрашув ниҳоясида ходимлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.