Ўзбекистонимиз ҳаётида юз бераётган ислоҳотлар жараёни барчадан бирдек ташаббускорликни, янгиликка интилишни ва фидоийликни талаб қилмоқда. Албатта, бу йўналишда улкан ютуқларни қўлга киритилишида шубҳасиз ҳамкорлик асосида ишни ташкил этиш ўта муҳим саналади.
“Ўзстандарт” агентлиги томонидан ўтган қисқа вақт мобайнида эътиборга молик ишлар бажарилди. Масалан, Агентликнинг ташаббуси билан халқимизни ва ички истеъмол бозорларимизни сифатсиз маҳсулотлардан ҳимоя қилиш мақсадида “Назорат хариди” йўлга қўйилди. Бунинг натижасида кўплаб бозорлар ва йирик савдо мажмуаларида муддати ўтган, сифати кафолатланмаган маҳсулотларнинг сотилишни олди олинди.
“Ўзстандарт” агентлиги ва Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган “Назорат хариди” тизимининг ҳуқуқий асосини яратиш мақсадида республикамиздаги нуфузли партиялари билан яқиндан ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилмоқда.
Яқинда Агентликнинг бир қатор масъул ходимлари “Адолат” ва Ўзбекистон халқ демократик партияларининг масъуллари билан учрашув ўтказдилар.
Мазкур амалий ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад “Назорат хариди” ҳақида тайёрланган Қарор лойиҳасини кенг жамоатчилик муҳокамасига ташлаш орқали уни юртимизда ҳуқуқий асосини яратишга қаратилган.
Эътиборли томони шундаки, мазкур тизимни амалиётга кенг жорий этиш ва шу орқали халқимизни сифатсиз маҳсулотлардан ҳимоя тизими яратилишини Халқ демократик партияси раҳбарияти ва жамоаси қўллаб-қувватлашларини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
Албатта, бундай сайи-ҳаракатлардан кўзланган мақсад ва муддао истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилаётгани билан аҳамиятлидир.