Бухоро Синов ва сертификатлаштириш маркази томонидан навбатдаги маънавий-маърифий учрашуви ташкил этилди.
Мазкур учрашувга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакиллигининг Халифа Худойидот жомеъ масжиди имом хатиби О.Саъдуллаев таклиф этилди.
Маърифий учрашувни марказ директори А.Мухторов кириш сўзи билан очиб, барчани муборак жума айёми ва рамазон ойи билан табриклади.
Шундан сўнг О.Саъдуллаев сузга чиқиб, “Ислом мўътадил дин” мавзусида маъруза қилди..
Дарҳақиқат Ислом динини Аллоҳ таоло одамларга машаққат туғдирмайдиган осон ва енгил қилиб нозил қилгандир. Зеро, Қуръони каримнинг кўплаб оятларида ислом мўътадил дин экани, унда қийинчилик йўқ эканлиги атрофлича ёритилган.
Эътиборлиси, барча ибодатлар бандаларнинг тоқат ва имкониятларига қараб буюрилади. Масалан, рўза ибодатини олсак, бир киши хасталиги кучайиши ёки соғайишининг кечикишидан қўрқса, сафарда юрган киши рўза тутишга қийналса, ҳомиладор ёки эмизикли аёл гўдагига зиён етишидан хавотирда бўлса, бундай кишилар ўша вақтда рўза тутмасликларига ижозат берилган. Улар рўза тутишга моне бўлган сабаблар кетганидан сўнг, қолдирган кунларининг қазосини тутиб берадилар. Табаррук ёшдаги отахон ва онахонлар умуман рўза тута олмасалар ҳар кунги рўза учун бир мискин таоми миқдорида фидя берадилар.
Соғлом фикрли инсон яхши англайдики, Ислом дини таълимотида мўътадиллик ғояси ётади ва унга амал қилиш инсониятни ҳеч қачон залолатга бошламайди. Зеро, мўътадиллик бу – ҳаддан ошиш ёки сусткашликка йўл қўйиш, қаттиқ олиш ёки ўта бўш қўйиб юбориш ўртасида бўлиб, мана шу мувозанатни сақлаган киши тўғри йўлдан адашмайди.
Учрашув ниҳоясида ходимлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.