“Ўзстандарт” агентлигининг ташаббуси билан юртимизда жорий этилган “Ҳалол” стандартларининг қабул қилиниши маҳсулот экспорт салоҳияти ортишига, “Ҳалол” туризмни ривожлантириш орқали туристлар оқимининг кўпайишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Самарқанд вилоят ҳокимлигида “Ўзстандарт” агентлиги, “Ўзбек Турк-тест маркази” қўшма корхонаси, Мусулмонлар идораси вакиллиги, Туризм ривожлантириш қўмитаси вилоят Департаменти билан ҳамкорликда “Туризм соҳасида умумовқатланиш шахобчалари фаолиятини ташкил этишда “Ҳалол” стандартининг ўрни” мавзусида семинар ташкил этилди.
Семинарда Мусулмонлар идораси вилоят вакили Ё.Мансуров, “Ўзбек Турк-тест маркази” қўшма корхонаси директори М.Хамзаев, “Ўзстандарт” агентлиги ҳудудий бошқарма бошлиғи М.Саидов, ҳудудий маркази директори С.Қўшшоқов, марказ идора раҳбари Ф.Шокировалар маъруза қилди.
“Ҳалол” туризм бўйича ташкил этилган семинарга таклиф қилинган меҳмонхона, йирик умумий овқатланиш корхоналари, туристик корхоналар вакиллари қизиқишига сабаб бўлди, уларнинг фаол иштироки туфайли семинар савол-жавоблар ҳамда қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлди.
Оилавий ҳордиқ чиқариш, ҳамёнбоп турар жойларда тунаб, сифатли, озода овқатланиш шохобчаларида таомланиш. Камчиқимликни хуш кўрувчи ва исрофдан ўзини тиядиган кишилар учун яратилган хизмат бўлмиш “Ҳалол туризм” юзасидан хизматларни ташкил этиш ҳамда сертификатлаштириш масалаларида катта қизиқиш билдирилди.
Самарқанд вилояти туризм салоҳияти юқорилиги, ҳар бир соҳа каби ушбу соҳани ривожлантиришда Давлатимиз раҳбари даражасида катта эътибор қаратилаётганлиги, бу борада Ўзбекистон Ресрубликаси Президентининг 2018 йил 16 мартдаги “2018-2019 йилларда Самарқанд вилоятида туризмни янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3609-сонли қарори ҳам сўзимизнинг яққол исботидир.