Одатда Сурхондарё замини ҳақида гап кетгудек бўлса, дарҳол кўз ўнгимизда жануб қуёши тафтидан қувват олган, мард ва танти, фидоий, юрт-миллат ривожи учун тер тўкиб меҳнат қилаётган инсонларнинг қиёфалари гавдаланади.
Айниқса, табаррук замини ва юзлаб алломаларнинг бешигини тебратган табиати, минг йиллардан буён юксаклик рамзига айланган пурвиқор тоғлари, шифобахш сувлари, азиз зиёратгоҳлари ҳар бир меҳмоннинг эътиборини тортишига шубҳа йўқ.
Шу боис, Сурхондарёга ташриф буюраётган ҳар бир юртдошимиз бу заминга эҳтиёт бўлиб қадам босиши лозим.
Хизмат сафаримиз боис ҳамроҳим Саидоқил Мақсудов билан жорий йилнинг 11-12 май кунлари вилоятнинг Узун туманида халқимиз вакиллари билан учрашувда бўлдик. Сайёр қабул баҳонасида Денов, Сариосиё, ва Олтинсой туманларида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган юртдошларимиз билан ҳамсуҳбат бўлиб, уларнинг фаолиятларида учраётган катта-кичик муаммолари билан қизиқдик.
Айни даладаги ишлар қизғин бир пайтда уларнинг вақтларини кўпам банд қилгимиз келмади. Аммо шундай бўлсада Сайёр учрашувимиз тахминан икки соатлар давом этди.
Ҳам саёҳат, ҳам зиёрат деганларидек, учрашувдан сўнг Денов туманидан эллик чақиримлар келадиган Сангардак момо шаршараси мажмуасини бориб кўриш ва у ерни зиёрат қилишни ният қилдик.
Халқимизда “юксакликни кўрай десанг тоққа чиқ, кенгликларни ҳис қилмоқчи бўлсанг чўлга бор” деган ҳикматли гапи бежиз айтилмаган экан. Бир томонда Сангардак дарёси, иккинчи томонида эса ястаниб ётган оқсоч тоғлардан иборат бўлган бундай кенгликлар беихтиёр эътиборимизни тортди.
Оналаримиз каби меҳрибон, самимий ва қилган яхшиликларини миннат қилмайдиган табиат неъматлари барчамизни қалбларимизга мусаффо ҳавони олиб кирди. Айниқса, баланд тоғ бағридан қайнаб чиқаётган Сангардак шаршараси ва бу ерни зиёрат қилаётганларни ҳам хурсандчиликлари бизга ҳам кўчди. Бизни хурсанд қилган нарса шу бўлдики, авваллари бу ерларда шаршарага чиқиш бироз муаммо бўлар эди. Эндиликда шаршарага олиб чиқиладиган йўлаклар қилиниб, темир устунлар ёрдамида меҳмонлар осонлик билан баландликка чиқиш имкониятларни яратилгани бўлибти.
Табиатнинг табиий овози руҳиятимизни тиниқлаштирди. Айниқса ҳозирги кунда ер сайёрасида одамзод учун тоза ҳаво ва тоза ичимлик суви катта муаммога айланиб бораётган бир даврда, жона-жон юртимизнинг мусаффо табиати, булоқ сувлари барчамизда шукроналик ҳиссини янада оширди.
Ҳамроҳларимиз Сурхондарё Стандартлаштириш ва метрология бошқармаси бошлиғи Ғайратжон Каримов ва Синов ва сертификатлаштириш маркази директори Фурқатжон Ҳамдамовлар бизни Сангардак шаршарасидан сўнг, бу ердан унчалик ҳам олис бўлмаган хушманзара Сангардак қишлоғига таклиф қилдилар.
Ҳақиқатдан ҳам мусаффо ҳавоси, сўлим табиати билан машҳур Сангардак қишлоғи ростдан ҳам мўъжизалар маконига ўхшайди. Бу ерда қад ростлаган замонавий маҳалла гузари, мактаб ва ёзги дам олиш масканлари ҳар қандай инсоннинг ҳавасини келтириши табиий.
Юртимизга хизмат қилаётган фидоий инсонларнинг сайи-ҳаракатлари билан бу ерларда янада янги манзиллар барпо этилиши ва энг муҳими эко туризмни ривожлантириш лойиҳалари устида ишлар олиб борилаётганлигини эшитиб хурсанд бўлдик.
Сафаримиз давомида хушманзара гўшаларга маҳлий бўлиб, оқшом тушганлигини ҳам пайқамай қолибмиз. Ажиб бир сокинлик, бир вақтнинг ўзида ўнлаб сайроқи қушлар гўё ўзаро мусобақалашаётгандек бирворакайига сайрайдилар.
Бизнинг назаримизда уларнинг ичида булбулнинг овози барибир бошқаларникидан ажралиб турди. Оқшом қўнгач ёнгинамиздан оқаётган Сангардак дарёсининг овози ва шиддатли овози тонг отгунига қадар эшитилиб турди.
Тоғларнинг бир неча ирмоқларидан куч олиб, сўнгра қудратли дарёга айланган Сангардакнинг сувлари вилоятнинг Денов, Сариосиё ва Узун туманлари ерларига оби-ҳаёт бағишлайди.
“Юрган дарё, ўтирган буюро” деганларидек, икки кунлик сафаримиз таъсуротларини баҳоли қудрат қоғозга туширишга ҳаракат қилдик.
Зеро, халқимизнинг ишончи ва эртанги кунлар умидидан куч олиб ривожланаётган ҳайратларга бой юртимизга кўз тегмасин. Биз тилга олган хушманзаро гўшаларни Ўзбекистонимизнинг ҳар бир қарич еридан топиш қийин эмас.
Абдурауф Расулов.
“Ўзстандарт” агентлиги Матбуот хизмати раҳбари.