Xотира ва қадрлаш тушунчаси чуқур маънога эгадир. Хотира – кечаги ўтмишни, аждодлар ўгитини, миллий меросимизни англатиб турса, қадр - инсонни юксакликка кўтаради.
Мамлакатимизда 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни кенг миқёсда нишонланди. Ушбу байрам мустақил Ўзбекистонда асрлар давомида ўлкамизни қахраманона ҳимоя қилган, унинг эркинлиги, мустақиллиги ва xалқининг тинчлиги учун курашган ватандошлар xотирасига бағишланган. Иккинчи жахон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш том маънода миллий қадриятга айланди. Қолаверса юртимиз тинчлиги, ободлиги йўлида ўз ҳиссаларини қўшган аждодлар хотирасини ёд этиб, уларнинг эзгу ишларини давом эттириш, қолаверса бугун кунда сафимизда юрган, эл-юрт тинчлиги ва равнақи йўлида хизмат қилган кексаларни эъзозлаш маънавий хаётимизнинг ажралмас қисмига айланди.
Шу мақсадда Қашқадарё синов ва сертификатлаштириш маркази давлат корхонасида навбатдаги Маънавият соатида 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан “Ўтганлар хотирасини ёдда сақлаш ва руҳларини шод этиш, тирикларни қадрлаш – халқимиз учун муқаддас фазилатдир!” мавзусида режалаштирилди. Мавзу юзасидан марказ ходимларидан 20 нафари 2018 йилнинг 8 май куни Қарши шаҳрида бунёд этилган биринчи Президентимиз Ислом Каримов хайкали ҳамда Мотамсаро «Она» ҳайкалида хотирлаш мақсадида бўлдилар.
Марказ ходимлари Мотамсаро «Она» ҳайкалига келиб уруш майдонларидан қайтмаган минг-минглаб юртдошларимизнинг муқаддас хотираси олдида бош эгиб, уларнинг руҳи покларига ҳурмат бажо келтирдилар ҳамда ҳайкал пойига гуллар қўйдилар. Шунингдек мазкур мажмуа ёнида ҳарбийларимиз томонидан ташкил этилган театрлаштирилган кўргазмали чиқишлар томошаси гувохи бўлдилар.
Тадбир давомида ходимлар ватанимизни ҳимоя қилишда жонини фидо қилган, халқ орзу қилган эркинлик учун курашган, бугунгидек тинч ва осуда ҳаётни бизга яратиб берган миллат қахрамонларига нисбатан чин дилдан миннатдорчилик ҳиссини туйдилар. Зеро халқимизга хос бўлган меҳр-оқибат, мурувват ва ҳиммат, кексаларни ардоқлаш, кўмакка муҳтожларнинг ҳурматини жойига қўйиш қон-қонимизга сингиб кетган фазилатлардир.