Инсоният тарихида мисли кўрилмаган фожиалари, талофотлари ҳамда миллионлаб инсонларнинг ёстиғини қуритган иккинчи жаҳон уруши хотираларини эслаган инсоннинг қалби ларзага келади. “Уруш, номинг ўчсин жаҳонда!” дея ҳайқиргинг келади.
Тинч ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш, доруломон кунлар учун қон кечиб, жасорат намуналарини кўрсатган аждодларимиз билан учрашиш, ўтганлар руҳини шод этиш биз авлодлар учун ҳаёт мактаби бўлиб хизмат қилади.
Шу муносабат билан Республикамизнинг шаҳару-қишлоқларида хотира ва қадрлаш куни муносабати билан бир қатор маърифий учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этилмоқда. Жумладан “Ўзстандарт” агентлиги раҳбарияти ва фаол ёшларнинг ташаббуслари билан “Инсон азиз, хотира муқаддас” деб номланган маърифий учрашуви ташкил этилди.
Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Н.Отажонов кириш сўзи билан очиб, юртимизда хотира ва қадрлаш байрамини муносиб нишоллашга алоҳида эътибор берилаётгани ва бу жараёнда ҳар бир меҳнат фахрийси эътибордан четда қолмаслигига эътибор қаратди.
Қизиқарли ва инсонни мушоҳадага чорлайдиган мазкур тадбирда уруш ва меҳнат фахрийлари сўз олиб, бугунги фаровон ҳаётимиз қанчадан-қанча меҳнатлар, уруш фронтида азоб чеккан боболаримизнинг меҳнатлари эвазига бунёд бўлганлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
Икки авлод учрашуви ниҳоясида меҳнат фахрийларига байрам совғалари улашилди.