Бухоро Синов ва сертификатлаштириш марказининг ташаббуси билан Бухоро вилоятидаги “Миркулол” жомеъ масжиди ноиб имоми Ш.Фатуллаев билан “Омонатга хиёнат қилмайлик” мавзусида суҳбат ташкил этилди.
Мусулмон кишида топилиши лозим бўлган гўзал хулқлардан бири омонатдорлик ва аҳдга вафо қилишдир. Ҳар бир имонли шахс ўзгалар билан бирор ишда аҳдлашган бўлса, аҳдига вафо қилиши ва ваъдасининг устидан чиқиши ҳамда омонатини адо этиши лозим бўлади. Инсонларнинг омонатлари хоҳ мол-мулк, хоҳ бошқа нарса бўлсин, унга риоя қилиш мўъминлик бурчи ҳисобланади.
Муқаддас китобларда айтилишича инсонларга барча ишларда бошқаларга ўрнак бўлишлари таъкидлаб ўтилган. Омонатни яхши сақлаб, ўз эгасига саломат топшириш хусусида буюк аждодларимиз ёшликларидан бошлаб барчага намуна бўлганликлари тарихдан кўп учрайди.
Эътиборли томони шундаки, табаррук зотлар ўзларининг ростгўйликлари, бировларнинг ҳаққига хиёнат қилмасликлари, ваъдаларига вафодорликлари туфайли ҳозирги кунгача ёшл авлодга ибрат мактаби бўлиб келмоқдалар.
Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда “Кимдаки тўртта нарса бўлса ҳақиқий мунофиқ бўлади. Кимдаки улардан бир хислат бўлса, ўшани кетказмагунча унда мунофиқликдан бир хислат бўлади ‒ омонат қилинса, хиёнат қилади; сўзласа, ёлғон гапиради; аҳд қилса, бузади; хусуматлашиб қолса, фужур (ноҳақлик, ғирромлик) қилади”.
Омонатдорлик борасидаги бой маънавиятимиз кўрсатмаларига амал қилинса, жамиятдаги ўзаро ишонч, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик ортади. Эл-юртнинг қут-баракаси ва файзи зиёда бўлади. Шунинг учун ҳам ҳар бир имонли ва чин эътиқодли киши масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда, турли салбий сифатлардан сақланиб боришга ва зиммамиздаги омонатларни ўз вақтида адо этишга жиддий ҳаракат қилишимиз, лозим бўлади.