Андижон Стандартлаштириш ва метрология бошқармаси ва Синов ва сертификатлаштириш маркази ҳамкорлигида маҳаллий ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифати ва рақобатбардошлигини оширишга, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш ва маҳсулот экспорти соҳаларида дуч келаётган муаммоларини ўрганиш ва уларни бартараф этиш бўйича амалий ёрдам кўрсатишнинг янгича тизими йўлга қўйилди.
Марказининг “Маҳсулотни экспорт қилишга кўмаклашиш бюроси” вакили Д.Бойкишиеванинг сайи-ҳаракати билан вилоятдаги изланувчан, ташаббускор ва фаол ёшларни ўзида жамлаган “Талабалар илмий уюшмаси” ёш олимларинининг илмий изланишлари республикамизда амалда фойдаланилаётган меъёрий ҳужжатлар ва импортёр давлатларнинг меъёрий ҳужжатлари талабларини ўрганиш, улар ўртасидаги тафовутларни аниқлаш, синов лабораторияларидаги маҳсулот синовларини ўтказишда юзага келаётган муаммоларини ўрганишга йўналтирилган эди. Эндиликда ушбу ўрганишлар экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг жойига чиқилган ҳолда амалга оширилмоқда.
Дастлабки манзил Хўжаобод туманида жойлашган “Навигул” қўшма корхонаси бўлди. Ушбу корхонада 2017 йилдан мева-сабзавотларни етиштириш, сабзавотларини қуритилган холда қайта ишлаб чиқариш ва сақлаш йўлга қўйилган.
Ёш олимлар корхонадаги иш жараёнини кузатишар экан, ушбу маҳсулотларни экспортбоп қилиб ишлаб чиқариш ва маҳсулотларнинг экспорт географиясини кенгайтириш мақсадида корхона раҳбариятининг таклифи билан сабзи, ширин қалампир, укроп ва олма маҳсулотлари учун халқаро стандартлари талабларини ўрганиш ва корхонада жорий қилишга кўмак беришга келишиб олинди.
Қайд этиш лозимки, тадбиркорларга бу каби амалий ёрдам ишларини тизимли равишда олиб боришда бу каби ёш ва қизиқувчан олимларнинг жалб этилиши республикамизда экспорт салоҳияти ортишига, маҳсулотлармизнинг сифатли ва рақобатбардош қилиб тайёрланишига ўз ҳиссасини қўшади.