Жорий йилнинг 03 май куни “Ўзстандарт” агентлигига Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Цзинь Юйлун рахбарлигидаги делегация ташриф буюрди.
Тадбирда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ишонч, ҳамкорлик ва манфаатдорликка асосланган стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.
“Ўзстандарт” агентлиги бош директори А.Каримов ва Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Цзинь Юйлун ўртасидаги сухбатда 2017 йил 12 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин томонидан имзоланган Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикасининг ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш тўғрисида қўшма баёнот алоҳида аҳамият касб этиши таъкидлаб ўтилди.
Ташриф буюрган мехмонларга “Ўзстандарт” агентлиги фаолияти ва соха йўналишларида олиб борилаётган ишлар бўйича презентация намойиш этилди. Сухбат чоғида стандартлаштириш, метрология, мувофиқликни бахолаш, сифат миллий инфраструктурасини ривожлантириш, ички бозорни сифатсиз махсулотлардан химоя қилиш, ахборот технология сохаларида юксак салоҳиятли мутахассисларни тайёрлаш, хорижий тажриба ошириш юзасидан хамкорликни янада ривожлантириш ва сифат жихатдан янги босқичга кўтариш келишиб олинди.
Сухбат қизгин савол жавоблар ва дебатларга бой бўлди.
Учрашув сўнгида Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Цзинь Юйлун “Ўзстандарт” агентлиги рахбариятига илиқ қабул учун миннатдорчилик изҳор этиб, келажакда алоқаларни янада мустаҳкамлаш, Агентлик тизимини ривожлантиришда зарур шароитлар яратиб беришга тайёр эканлигини билдирди.