2018 йил 27 апрел куни “Ўзстандарт” агентлигида Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA)-нинг Ўзбекистондаги Офиси директори жаноб Сон Сонг Ил бошчилигида Кореянинг “Hyundai Asan” ва “Korea Testing Certification” компанияларининг мутахассислари билан учрашув ташкил этилди.
Халқаро ҳамкорлик мақсадларига мўлжалланган учрашувда “Ўзстандарт” агентлиги Бош директор ўринбосари Ж.Шукуров,,Ахборот-коммуникация технологиялари гуруҳи раҳбари Ф.Усмонов, “Республика синов ва сертификатлаштириш маркази” давлат корхонаси директор ўринбосари Ф.Самадов ва “Ўзбекистон миллий метрология институти” давлат корхонаси директор ўринбосари Ш.Васиевлар иштирок этди.
Учрашув “Ўзстандарт” агентлигининг KOICA билан ҳамкорликдаги лойиҳа доирасида олиб борилаётган ишлар натижасига бағишланди.
Учрашувда сўзни Ж.Шукуров очиб берди ва меҳмонларнинг “Ўзстандарт” агентлигига ташрифлари учун ташаккур билдириб, уларга лойиҳа доирасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумот берилди. Ҳусусан, яқинда келтирилиб ўрнатилган замонавий лаборатория ўлчов ускуналари (газ ва электр ҳисоблагичларининг қиёсловдан ўтказиш қурилмалари, ҳарорат эталони, масс-спектрометрли газ хроматографи, ИСП-масс спектрометри, юқори самарали суюқли хроматографи) ишга туширилганлиги ва Корея республикаси мутахассислари томонидан бу ускуналарда ишлаш бўйича ўқув курслари ўтказилганлиги таъкидлаб ўтилди.
Ушбу лойиҳа натижасида “Ўзстандарт” агентлигининг малакали мутахассислари томонидан озиқ-овқат маҳсулотларида хавфсизлик кўрсаткичларини юқори аниқликда аниқлаш, бир вақтнинг ўзида 10 тагача газ ҳисоблагичларини қиёсловдан ўтказиш имконияти эришилди. Бунинг натижасида эса, ўлчов натижаларининг аниқлиги, тезлиги ва сифат даражаси ошишига ҳамда аҳоли тадбиркорларга хизмат кўрсатиш вақти қисқаришига эришилади.
Музокаралар чоғида айни пайтдаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мавжуд имконият ва салоҳият тўлиқ ишга солиниши зарурлиги таъкидлаб ўтилди.