Илгари таъкидлаб ўтилганидек, “Ўзстандарт” агентлиги томонидан “Ҳалол” стандартларини қабул қилиш бўйича тизимли равишда ишлар олиб борилмоқда. Ушбу йўналишда яна бир қатор давлат стандартлари қабул қилиниб, амалиётга жорий этилмоқда.
“Ўзстандарт” агентлиги томонидан :
- O’z DSt 3300:2018 (TS 13571:2013, MOD) “Ҳалол овқат ва ичимликлар тайёрланадиган, сақланадиган ва сотиладиган жойлар учун O‘z DSt 3286:2018 қўлланишининг муайян талаблари”,
- O’z DSt 3301:2018 (TS OIC/SMIIC 2:2012, MOD) “Ҳалол” сертификатлаштириш идораларига қўйиладиган талаблар”,
- O’z DSt 3302:2018 (M 2200: PART 1:2008, MOD) “Ислом истеъмол маҳсулотлари – 1 қисм: косметика ва шахсий гигиена. Умумий қўлланма”;
- O’z DSt 3303:2018 (M 2200: PART 2:2013, MOD) “Ислом истеъмол маҳсулотлари – 2 қисм. Ҳайвонлар суягидан, терисидан ва жунидан фойдаланиш - умумий қўлланма”
давлат стандартлари тасдиқланиб, 2018 йил 1 апрелдан амалиётга жорий этилди.
“Ҳалол овқат ва ичимликлар тайёрланадиган, сақланадиган ва сотиладиган жойлар учун O‘z DSt 3286:2018 қўлланишининг муайян талаблари” давлат стандарти TS 13571:2013 “Ҳалол овқат ва ичимликлар тайёрланадиган, сақланадиган ва сотиладиган жойлар учун муайян талаблар” стандарти асосида ишлаб чиқилган. Ушбу стандарт O‘z DSt 3286 давлат стандартига мувофиқ умумий овқатланиш, ресторанлар, меҳмонхоналар, ошхоналар, кафетерийлар ва буфетлар, ўз–ўзига хизмат кўрсатиш нуқталари, тайёр маҳсулот супермаркетлари, новвойхоналар ва қандолат дўконларининг ҳалол жойлари, бундай жойларда ишлатиладиган хом ашё материаллари, ҳалол таомларни тайёрлаш, сақлаш ва истеъмолга бериш учун талабларини белгилайди. Шунингдек, ушбу жараёнларда иштирок этадиган ходимлар амал қилиши керак бўлган муайян қоидалар ҳамда ушбу жараёнларда ишлатиладиган асбоблар, ускуналар ва воситалардан фойдаланиш қоидаларини ўз ичига олади.
“Ҳалол” сертификатлаштириш идораларига қўйиладиган талаблар” давлат стандарти “Ҳалол” сертификатлаштириш фаолиятларини юритадиган “Ҳалол” сертификатлаштириш идоралари учун зарур бўлган барча қоида ва тартибларни ўз ичига олади. Шунингдек, ушбу стандартда қуйидаги чора-тадбирларни амалга оширувчи идораларнинг компитенлигини, аудитининг кетма-кетлигини ва холислигини, ҳалол маҳсулот, хизматлар ва/ёки менеджмент тизимларини сертификатлаштиришни принципларини ва талаблар белгилаб берилган. “Ҳалол” маҳсулот/хизмат ва/ёки менеджмент тизими сертификатлаштириш учинчи томон - мувофиқликни баҳолаш идоралари амалга оширади. Ушбу фаолиятни амалга оширувчи идоралар учинчи томон-мувофиқликни баҳолаш идораси ҳисобланади. “Ҳалол” сертификатлаштириш идораси давлат ёки нодаавлат бўлиши мумкин. Ушбу стандарт аккредитация ёки шунга ўхшаш баҳолаш текширувларида асосий қўлланма сифатида фойдаланилиши мумкин.
“Ислом истеъмол маҳсулотлари –1 қисм: косметика ва шахсий гигиена. Умумий қўлланма” давлат стандарти MS 2200: PART 1:2008 MOD “Исломда ҳалол истеъмол маҳсулотлар - 1 қисм: Косметика ва шахсий гигиена - Умумий қўлланма” стандарти асосида ишлаб чиқилган. Ушбу стандарт “Ҳалол” косметика ва шахсий гигиена йўналишлари учун амалий тавсияларни белгилайди ҳамда косметика, шахсий гигиена, савдо-сотиқда ёки бизнесда асосий талаблар бўлиб хизмат қилади.
“Ислом истеъмол маҳсулотлари – 2 қисм. Ҳайвонлар суягидан, терисидан ва жунидан фойдаланиш - умумий қўлланма” давлат стандарти MS 2200: PART 2:2013 MOD “Ислом истеъмол маҳсулотлари – 2 қисм. Ҳайвонлар суягидан, терисидан ва жунидан фойдаланиш - Умумий қўлланма” стандарти асосида ишлаб чиқилган. Ушбу стандарт Ислом шариати қоидаларига мувофиқ тегишли тармоқларда ҳайвонлар суяги, териси ва жунидан фойдаланиш учун амалий тавсияларни белгилайди.