Республикамиз Президенти Ш.Мирзиёевнинг ташаббуси билан, халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилмоқда.
Албатта, мулоқотнинг шакли кўп. Аммо инсонлар билан юзма-юз, яқиндан саломлашиб, айниқса жануб офтобнинг тафтидан қувват олган чеҳраларига қараб суҳбатлашишнинг гашти ўзгача.
Шаҳрисабз тумани Қашқадарё вилоятининг саноати ва ҳунармандчилиги, туризми ҳамда бошқа соҳалари ривожланган ҳудуди ҳисобланади. Айниқса Шаҳрисабзнинг ўз номига монанд яшиллиги, гўзаллиги, тозалиги, табиати ва тўрт томонида пурвиқор тоғларининг салобат тўкиб туриши ҳар бир инсоннинг эътиборини тортади.
Тарихий манбааларнинг гувоҳлик беришича, дунё давлатчилигида юксак обрў-эҳтиромга сазовор бўлган Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг ўз вақтида Шаҳрисабзга ҳам ҳурмати чексиз бўлган.
Ҳозирги кунда қадим ва навқирон шаҳарда тадбиркор, ҳунарманд ва ишбилармонлик билан шуғулланиб, ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшаётган юртдошларимиз кўпчиликни ташкил этади.
“Ўзстандарт” агентлиги Бош директори А.Каримов Шаҳрисабзлик тадбиркорлар билан учрашув ўтказди. А.Каримов учрашув аввалида ўтган давр мобайнида “Ўзстандарт” агентлиги фаолиятида қўлга киритилаётган ютуқлари, халқаро ҳамкорлик соҳасидаги келишувлар ва юртимизда экспорт имкониятларини кенгайтиришда ишлаб чиқилаётган меъёрий ҳужжатлар тўғрисида маълумот берди.
Сайёр учрашувида Шаҳрисабз шаҳар ҳокими И.Нусуров, Қашқадарё Стандартлаштириш ва метрология бошқармаси ҳамда Қашқадарё Синов ва сертификатлаштириш марказининг раҳбарлари иштирок этдилар.
Учрашув давомида тадбиркорлар томонидан берилган саволларга жавоб берилди.