Навбатдаги маънавият соатида “Ҳилол” нашр мажмуаси раҳбари Исмоил Муҳаммад Юсуф ҳазратлари таклиф этилди.
Донишмандларнинг шундай бир ҳикматли ўгити бор. “Орифнинг қалбидек кенг ва катта бўлган нарса йўқдир. Ер ва осмонлар орифнинг қалбига нисбатан бир нуқта кабидир. Бу жиҳатдан, Аллоҳ: “Ер ва осмонларга сиғмадим, мўмин банданинг қалбига сиғдим”, деб айтган экан.
Демак, инсоннинг қалби бепоён ва нозик бир хилқат деб тушунсак хато бўлмайди. Уни маънавият ва маърифат нурлари билан озиқлантириб турилса, ўз соҳибини ҳамиша эзгулик сари бошлайди.
Инсоннинг камолотида маънавий таълимнинг беқиёс ўрни бор. Шу маънода “Ўзстандарт” агентлиги Бош директори А.Каримовнинг ташаббуси билан ҳафтанинг жума кунлари ташкил этиб келинаётган “Маънавият соат”ларида кўплаб халқимизнинг ардоғидаги инсонларнинг таклиф этилаётгани ўзининг ижобий натижаларни бермоқда. Бундан агентлик ходимлари бир олам маънавий озуқани олмоқдалар.
Навбатдаги учрашувга “Ҳилол” нашр мажмуаси раҳбари Исмоил Муҳаммад Юсуф ҳазратлари таклиф этилди.
Маънавият соатида “Ўзстандарт” агентлиги ходимлари иштирок этдилар. Мазкур учрашувда Исмоил Муҳаммад Юсуф ҳазратлари сўз олиб, маънавий комиллик, одоб-ахлоқ, ишга муносабат, фидоийлик билан меҳнат қилишнинг ҳикматлари, ватанпарварлик ғояларининг инсон учун фойдали жиҳатлари хусусида батавфсил маъруза қилди.
Маърифий учрашув ниҳоясида ходимлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.