Қадимдан халқимиз ҳалол яшаб рўзғор тебратишга одатланган. Шу боис бўлса керак ҳалоллик тушунчаси бизда азал-азалдан қадрланиб келинган. Ёшимиз, касби-коримиздан қатъий назар кўчада барчамиз истеъмолчига айланамиз.
Савдо расталари ёки бозорлардан маҳсулотни харид қиламиз. Албатта маҳсулотни сотувчилар бизга текинга бермайди, бу ҳаммага маълум бўлган ҳақиқат. Аммо бозорларимиздаги тарозиларнинг бугунги ҳолати қандай?
Пойтахтимиз бозорлари электрон тарозилар билан тўлиқ таъминланганми? Мавжуд тарозилар бозор маъмуриятига тегишлими ёки хусусий тадбиркорларгами?
Келинг бу борада «Ўзстандарт» агентлиги томонидан олиб борилган ўрганишлар натижаларига эътиборингизни қаратсак.
Пойтахтимиздаги дехқон бозорларида жами савдо ўринлар сони 18003 тани ташкил этади. Шундан тарози талаб этиладиган савдо ўринлари сони эса 8911 тани ташкил қилади.
Ҳар иккита савдо ўрни учун 1 дона тарози ҳисобида, жами 4455 дона тарозилар талаб этилади. Ҳозирги кунда деҳқон бозорларда эса 2440 дона тарозилар мавжудлиги аниқланди. Буларнинг 1452 дона дехқон бозорлари хисобидаги ва 988 дона сотувчиларнинг хусусий тарозилари ҳисобланади. Ачинарли томони шундаки, ҳозирги кунда 2025 дона тарозилар етишмаслик ҳолати юзага келмоқда.
Шу ўринда иккинчи муаммо ҳам кўзга ташланади. Ўрганишлар натижасига кўра, ҳозирда “Чилонзор деҳкон бозори”, “Навруз деҳкон бозори” ҳамда “Қopa-Қамиш” деҳкон бозорларига тегишли бўлган тарози ва тарози тошлари ҳамда назорат тарозилари ҳам давлат метрологик текширувидан ўтказилмасдан ишлатилмоқда. Бундай ҳолат албатта истеъмолчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Бу эса уз навбатида, “Метрология тўғрисида”ги Қонуннинг 14, 17-моддалари ҳамда “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғгрисида”ги Қонуннинг 8-моддаси ва Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 августдаги 253-сонли “Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори 1-иловаси 15-банди талабларининг бузилишига олиб келмокда.
Бугунги кунда, Тошкент шаҳри деҳкон бозорларида тарозилар етишмаслиги оқибатида сотувчилар давлат қиёслаш кўригидан ўтказмасдан шаҳсий тарозилардан фойдаланишларига йўл қўйилмоқда.
Жумладан, «Авиасозлар» 76 дона тарози етишмайди, «Аския» - 39 дона, «Чилонзор» - 31 дона, «Наврўз» -112 дона, «Олой» - 37 дона, «Сирғали» 115 дона, «Фарход» - 272 дона, «Эски жува» - 98 дона, «Юнусобод» - 76 дона, «Қўйлиқ - 103 дона, «Қора-қамиш» - 29 дона электрон тарозиларга эҳтиёж борлиги маълум бўлди. Жами 988 дона тарозилар харид қилиниши лозим.
Ваҳоланки Вазирлар Махкамасининг 2012 йил 28 августдаги 253-сонли қарори билан тасдикланган “Ўзбекистон Республикаси бозорларида савдо фаолиятини ташкил этиш Қоидалари”нинг 23-бандига асосан фақат бозор маъмурияти томонидан такдим этилган тарозилар ва бошқа ўлчов асбобларидан фойдаланиш (турғун савдо шахобчаларидан ташқари) белгилаб ўтилган.
Шу ўринда “Ўзстандарт” агентлиги истеъмолчилардан бозорларда маҳсулот харидини амалга ошириш жараёнида тарозиларнинг мувофиқлик сертификатларини сўрашларини яна бир бор тавсия этади.