Бухоро замини кўплаб авлиёлар ва пиру-устозларнинг бешигини тебратган табаррук маскан. Ҳаётимизда шундай маърифатли зотларнинг ҳикматлари борки, уларнинг аҳамияти бир неча юз йиллар ўтсада ўзининг долзарблигини йўқотмайди.
Айтиш лозимки, юртимизда туғилиб вояга етган азиз инсонларнинг эзгу амаллари ва келажак авлодлар учун қолдирган маънавий хазиналарига вақт ҳам ўзининг таъсирини ўтказа олмайди.
Бухорода яшаб инсониятга бебаҳо мерос қолдирган Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд шундай беназир зотлардан бири. Ул зотнинг “Қўлинг меҳнатда, қалбинг эса аллоҳда бўлсин” деган ғоялари нафақат биз учун, балки бутун инсоният учун дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Айниқса, пиру-комилнинг “Шамдай ҳаёт ўтказ: ҳамманинг уйини нурафшон этиб, ўзинг қоронғуда бўл!”, “Қалбларнинг буюклиги аслида бир. Лекин улардаги маърифатнинг буюклиги фарқли”, ёки “Элнинг юкини енгиллаштиринг, элга юк бўлманг” каби ҳикматлари бугун ҳам барчамиз учун ибратлидир.
Муҳтарам Президентимизнинг “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиш лозим” деган тамойиллари заминида ҳам шубҳасиз Нақшбанд бобомиз назарда тутган элнинг юкини енгиллаштиришдек эзгу мақсадлар ётганлигидан далолат беради.
“Ўзстандарт” агентлиги Бош директори А.Каримов томонидан тасдиқланган Сайёр қабул режасига асосан навбатдаги учрашув Бухоро вилоятида ташкил этилди.
“Ўзстандарт” агентлиги Бош директори А.Каримов шу мақсадда 6-7 апрел кунлари хизмат сафари билан мазкур вилоятда бўлди. Агентлик Бош директори дастлаб Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев билан учрашди.
Мазкур учрашувда Бухоро вилоятида етиштирилаётган мева-сабзавотларнинг жаҳон бозорларига экспорт қилиш имкониятларини кенгайтириш ва вилоят ишбилармонлари ва тадбиркорларига амалий ёрдамларни кўрсатишнинг келгусидаги режалари келишиб олинди.
Шундан сўнг, “Ўзстандарт” агентлиги Бош директори А.Каримов Бухоро шаҳрида ташкил этилган Сайёр қабулда иштирок этиб, жисмоний ва юридик шахслар билан учрашди.
Агентлик Бош директорининг таклифига асосан, учрашув эркин ва савол-жавоб шаклида ўтказилди. Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур учрашув жараёнида экспорт қилувчи корхоналарнинг вакиллари стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳаларида кечаётган ислоҳотлар кўлами билан қизиқдилар.
Шунингдек, улар “Ҳалол” стандартларини қабул қилинганлиги маҳаллий маҳсулотларимизни жаҳон бозорларига экспорт қилиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилишини эътироф қилдилар.
Сайёр учрашувида Бухоро Стандартлаштириш ва метрология бошқармаси бошлиғи Т.Саломов йиғилганлар эътиборига вилоят миқёсида тадбиркорлар учун яратиб берилган имкониятлар хусусида маълумот берди. Бухоро синов ва сертификатлаштириш маркази томонидан эса тадбикорлар учун тарқатма ва кўргазмали маълумотлар тақдим этилди.