Санъат ва маданият – инсонни маънавий жиҳатдан бойитади, эзгулик сари етаклайди. Бунда, айниқса, театр санъатининг ўрни беқиёсдир.
Театр – халқ маънавиятини юксалтириш, ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Ҳозирги кунда жаҳоннинг 100 дан зиёд мамлакатларида 27 март куни театр санъати ҳодимларининг касб байрами сифатида кенг нишонланиб келинмоқда. Шу жумладан 27 март - Халқаро театр куни сифатида Республикамизда ҳам кенг миқёcда нишонланди.
Шу мақсадда Қашқадарё синов ва сертификатлаштириш маркази давлат корхонасида навбатдаги Маънавият соати “Театр – муҳим тарбия ва маънавият маскани» мавзусида режалаштирилди. Мавзу юзасидан марказ ходимларидан жами 25 нафари 2018 йилнинг 31 март куни Қашқадарё вилояти Мулла Тўйчи Тошмуҳамедов номидаги мусиқали драма театрида Ўзбекистон халк шоири Абдулла Ориповнинг «Жаннатга йўл» драматик асари асосида саҳналаштирилган спектакл томошасида бўлишди.
Спектакл Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, режиссёр - Абдурахмон Абдуназаров томонидан жуда моҳирона саҳналаштирилган. Мазкур асар фантастик ва афсонавий мавзу асосида яратилган бўлиб унда инсонларга хос бўлган эзгу амаллар ва хислатларни ота-онага ҳурмат, ҳалоллик, имон ва инсофлилик, инсонни қадрлаш, дўстга содиқликни ва аксинча иғвогарлик, фисқу-фасод ҳамда бошқа одамлардаги салбий хислатларга бефарқлик ҳам бу инсондаги хато ва камчиликлардан бири эканлиги ёрқин тарзда кўрсатиб берилган. Ҳақиқатда ушбу асар ҳар бир томошабинни чуқур мушоҳада қилишга чақиради. Спектакл томошабинлар томонидан жуда илиқ таассуротлар билан кутиб олинди ҳамда унда роль ижро этган актёрлар ижроси ҳам барчага бирдек манзур бўлди. Ташриф буюрганлар барчаси асар мазмунидан келиб чиқиб ўзларига тегишли хулоса чиқариб, маънавий озуқа олдилар десак адашмаймиз.
Тадбир сўнгида ходимлар театр биноси фаесида ташкил этилган рассомчилик кўргазмалари ва фотосуратларни томоша қилдилар.