Мувофиқликнн баҳолаш органларини аккредитация қилиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 мартдаги ПҚ-3643 сонли Қарори билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошида “Аккредитация маркази” ташкил этилди. Марказ “Ўзстандарт” агентлигининг “Ўзбекистон мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилиш маркази” давлат корхонаси негизида тузилди.
Қайта ташкил этилган Марказга “Ўзстандарт” агентлигининг мувофиқликни баҳолаш органларини, синов ва калибрлаш лабораторияларини аккредитация қилиш ва инспекция назорати соҳасидаги вазифалари юклатилди.
Марказнинг фаолият соҳаси товарлар ва хизматларни баҳолаш ва сертификатлашни амалга оширувчи барча давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан тадбиқ этилади. Унинг асосий вазифаларига қуйидагилар киради:
- мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;
- мувофиқликни баҳолаш органларини халқаро стандартларга кўра аккредитация қилиш, шунингдек, мувофиқликни баҳолаш бўйича аккредитация қилинган органлар ва метрология хизматларининг белгиланган шартлар ва талабларни бажариши устидан инспекция назоратини амалга ошириш;
- халқаро ва миллий аккредитация органлари билан фаол ҳамкорлик қилиш, ушбу соҳада халқаро стандартлар ва техник регламентларни жорий этиш;
- мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилиш соҳасида миллий ва халқаро илмий-тадқиқот, таълим ва бошқа муассасалар томонидан амалга оширилаётган давлат илмий-техникавий дастурлари ва лойиҳаларининг ягона буюртмачиси вазифаларини бажариш.