Жорий йилнинг 29 март куни  “Ўзстандарт” агентлигида GLOBALG.A.P Презедиумининг вице-президенти Флавио Алзуета ва Бирлашган Миллатлар ташкилоти, Германия халқаро ҳамкорлик  жамияти, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хамда  Ўзбекистон фермерлари кенгаши вакиллари  иштирокида учрашув ўтказилди.

Учрашувда “Ўзстандарт” агентлиги бош директори ўринбосари Ж.Н.Шукуров Флавио Алзуета  ва барча меҳмонларни “Ўзстандарт” агентлигида GLOBAL G.A.P. стандартини жорий этиш ва унинг афзалликлари бўйича ўтказилаётган давра суҳбатига ташриф буюргани учун ўз миннатдорчилигини билдирди.

Ж.Н.Шукуров Ўзбекистон Республикаси Президентининг 22 январдаги Фармони билан тасдиқланган “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурида Мақбул Агрокультура Амалиёти (Global G.A.P.) стандартини жорий этиш  кўрсатиб ўтилганлигини таъкидлаб,  ушбу стандартни  самарали жорий этиш мақсадида 2017 йилнинг ноябр ойида “Ўзстандарт” агентлиги томонидан GLOBAL G.A.P. ташкилотига ҳамкорлик  лойихаси юборилганлиги, дунё тажрибасидан келиб чиқиб, GLOBAL G.A.P. стандарти афзалликлари, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини хорижий давлатларга экспорт қилишни қўллаб-қувватлаш, халқаро бизнес кооперациясини ривожлантиришда ушбу стандарт муҳим аҳамият касб этишига алоҳида урғу қаратди. 

Ўз навбатида GLOBAL G.A.P. Презедиумининг вице-президенти Флавио Алзуета самимий қабул учун Ж.Н.Шукуровга чуқур миннатдорлик изҳор этиб, GLOBAL G.A.P. бу бутун жахон бўйича қишлоқ хўжалиги махсулотларини стандартлаш ва сертификатлаштириш бўйича халқаро хусусий идора эканлиги, мазкур идора озиқ-овқат маҳсулотлари чакана савдоси масалалари бўйича европа ишчи гуруҳи) томонидан 1997 йилда Германияда ташкил этилиб, хозирги кунда GLOBAL G.A.P.га жаҳоннинг 100 дан ортиқ давлат ва озиқ-овқат савдоси билан шуғулланувчи йирик корхона ва уюшмалар аъзо ҳисобланишини айтиб ўтди. Келажакда Ўзбекистонда  қишлоқ хўжалиги махсулотларини етиштириш ва ишлаб чиқариш жараёнларига стандартлар ишлаб чиқиш ва сертификатлаштиришга  талабларни ўрнатиш, мутахасислар тайёрлашда амалий ёрдам беришга тайёр эканлигини билдирди.

Давра суҳбати дўстона ва  ишчанлик руҳида ўтди.