Айни кунларда юртимиз бўйлаб Наврўз умумхалқ байрами кенг нишонланмоқда. Халқимиз ҳаётидаги муҳим саналар, байрамлар орасида Навруз ўзида қадимий ва урф одатларимиз, меҳр оқибат ва саховат каби юксак инсоний фазилатларни намоён этиши билан ажралиб туради. Бир неча минг йиллик тарихга эга ушбу байрам аждодларимиз томонидан шарқона янги йил сифатида кенг нишонланиб келган. Халқимиз баҳорни, айниқса Наврўзни кўтаринки руҳда қарши олади. Буни шоирларимиз ижодида ҳам кузатиш мумкин.
Баҳор сеникидир,
Югур энтикиб,
Югур адирларнинг лолазорига.
Мен эса қувонай кўзимни тикиб,
Тоғларнинг ҳаётбахш, тоза қорига.
Ушбу сатрлар муаллифи халқимизнинг буюк ижодкори “Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси” матни муаллифи, Ўзбекистон халқ шоири, Алишер Навоий номидаги Республика давлат мукофоти лаурияти, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов ҳам айнан Навруз айёми куни Қашқадарё вилояти Косон тумани Некуз қишлоғида таваллуд топган. Агарда шоир бугун ҳаёт бўлганларида 77 баҳорни қарши олган бўлар эди.
Абдулла Ориповнинг ижодини билмаган, унинг шеърларини ёд олмаган бирор бир юртдошимиз ҳамда китоблари кириб бормаган бирор ўзбек хонадони бўлмаса керак.
Буюк шоир ижоди билан яқиндан танишиш ва таваллуд топган куни арафасида унинг хотирасини ёд этиш мақсадида 2018 йилнинг 16 март куни навбатдаги Маънавият соати буюк адибни ёд этиш учун "Хотира - абадий, қадр - муқаддас" мавзусида ўтказилди.
Бугунги мавзу юзасидан Қашқадарё стандартлаштириш метрология бошқармаси ва Қашқадарё синов ва сертификатлаштириш маркази ходимларидан жами 35 нафари Қарши шаҳрида бунёд этилган Абдулла Орипов номидаги мактаб-интернатида бўлишди. Мазкур мактаб 2017 йил 24 майда Вазирлар Маҳкамасининг “Қарши шаҳрида Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатини ташкил этиш тўғрисида”ги 312-сон Қарорига асосан ташкил этилди.
Тадбир давомида ходимлар аввало мазкур мактабда шоир ижодига бағишлаб ташкил этилган музейда бўлиб у ерда сақланаётган экспонатлар билан танишиб чиқдилар. Музейда шоирнинг ёшлик даврларини акс эттирувчи, оила аъзолари билан тушган фотосуратлари, ижодкорлар даврасида ҳамда муҳим тадбирларни ўзида акс эттирувчи бошқа фотосуратларини ҳам томоша қилиш мумкин. Абдулла Орипов ижодига мансуб бўлган унинг бир қанча шеърлар тўпламларидан намуналар ҳамда шоирнинг ҳалқимизни чет эл адабиётининг сара намуналари билан таништириш мақсадида ўзбек тилига таржима қилган бир қанча асарларидан ҳам намуналар сақланмоқда. Жумладан У. Дантенинг “Илоҳий комедия” асари шулар жумласидандир. Шу билан бирга А.Орипов номига берилган бир қанча давлат мукофотлари ва унинг ўзига тегишли бўлган шахсий буюмлар ҳам ушбу музейда сақланмоқда. Энг қизиқарлиси шоирнинг ўз дасхати билан ёзилган Ўзбекистон давлат мадҳиясини қораламаларини ҳам музейда кўришимиз мумкин.
Музейни томоша қилиш билан бирга халқ шоирининг турмуш ўртоғи Ханифа ая билан ҳам шу ернинг ўзида учрашув бўлиб ўтди. Ханифа ая музейга қўйилган ҳар бир экспонат билан ходимларни шахсан ўзлари таништириб чиқдилар. У киши томонидан музейдаги ҳар бир буюмга берилган таърифлар орқали шоирнинг ҳаёт йўли ва унинг ижод йўлидаги қийинчиликлари, меҳнатлари ва эришган ютуқлари тўғрисида кўплаб маълумотларга эга бўлинди. Бу эса тадбир иштирокчиларида катта таасуротлар қолдирди. Мазкур мактабни айнан Қарши шаҳрида ташкил этилиши ҳам давлатимиз томонидан шоир А.Орипов ижодига бўлган катта ҳурмат ва эҳтиромнинг белгисидир.
Тадбир давомида мактабда таҳсил олаётган ёш ўқувчи ўғил-қизлар ўзларининг ижод намуналаридан ташриф буюрган меҳмонлар учун ўқиб эшиттирдилар. Албатта уларнинг ижодига ходимларимиз томонидан зафарлар тилаб қолинди. Мактабни томоша қилиб болалар келажаги учун ташкил этилан барча шарт-шароитлар билан ҳам танишиб чиқдилар.
Тадбир сўнгида барча ходимлар Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг муаллифи, ўзбек халқининг севимли шоири, Ўзбекистон қаҳрамони Абдулла Орипов хотирасига бағишланиб Қарши шаҳрида бунёд этилган ҳайкалини зиёрат қилиб унинг пойига гуллар қўйишди.