“Ўзстандарт” агентлиги томонидан тизимли равишда ўтказиб келинаётган навбатдаги сайёр учрашув Навоий вилоятининг Кармана туманида ташкил этилди.
Маълумки, жона-жон диёримизга кўклам ўзининг ям-яшил либосини тўшаётган айни кунларда табиатнинг чиройи ўзгача.
Айниқса, юртимизнинг олис ва яқин манзиллари бўйлаб кезсангиз бунга ўзингиз ҳам гувоҳ бўласиз. Жорий йилнинг 5 март куни эрта тонгдан Тошкент-Бухоро йўналишидаги Афросиёб тезюрар поездида Навоий вилоятига навбатдаги Сайёр қабулни ўтказиш мақсадида йўлга отландик.
Хаёл каби тезлик билан учиб бораётган поезд қисқа фурсатларда Сирдарёдан Жиззах вилояти ҳудудига кириб келганини пайқамабмиз.
Олис ва яқин манзиллар, бир томони мирзачўл кенгликларига туташ яйловлари, иккинчи томонда эса минг йилликларга гувоҳ оқсоч Туркистон тизма тоғлари, Жиззахнинг қадим Ғаллаорол тумани ҳудудидан оқиб ўтадиган Сангзор дарёси эътиборимизни тортди.
Шиддатли Сангзор дарёсининг ирмоқлари эса Бахмал ва Зомин туманларидаги улуғвор тоғларининг майда-майда ирмоқларидан куч-қувват олиб, ўзгача куч билан оқади. Бир қарашда сувлари сокиндек кўринсада, аслида пурвиқор тоғларнинг қудрати ва шифобахш булоқлари таъсиридан қувватланган Сангзор сувлари минг йилларки, ҳали-ҳануз ўз манзилини йўқотмайди.
Йўлимиз давомида кўплаб экин майдонларида яхши ниятлар билан она заминга уруғ қадаётган бобо деҳқонларимизни ҳам кўрдик. Шундан билдикки, жаннатмакон ўлкамизга ҳақиқатдан ҳам баҳорнинг ташрифи рост экан.
Ана шундай ширин хаёллар, режалар оғушида Навоий вилоятига ҳам етиб келдик. Кармана тумани вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим ўрин эгаллайди. Шу сабаб бўлса керак, Навбатдаги Сайёр учрашувимиз айнан шу туманда ташкил этилгани бежиз эмас.
Яқиндагина Муҳтарам Президентимизнинг Навоий вилоятига ташрифлари, у ерда оддий инсонлар ва ёшлар билан ўтказилган самимий учрашув ва мулоқотлар, вилоят аҳолиси учун яратиб берилаётган имтиёз ҳамда имкониятлар Кармана туманида ўтказилган Сайёр қабулимизнинг бош мавзусига айланди.
Сайёр учрашувида қатнашган “Ўзстандарт” агентлиги Бош директори А.Каримов тадбирда сўз олиб, йиғилганларни юртимизга ташриф буюрган баҳорнинг ташрифи билан, айниқса яқинлашиб келаётган хотин-қизлар байрами билан самимий табриклади.
Шундан сўнг А.Каримов Республикамиз Президенти томонидан Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасига берилаётган эътиборнинг самараси сифатида, соҳа ривожи йўлида қилинаётган ишларнинг кўлами ва келгусида бажарилиши режалаштирилаётган йўл харитаси ҳақида батафсил маълумот берди.
Сайёр учрашуви давомида “Ўзстандарт” агентлиги Бош директори А.Каримов йиғилганларга очиқ ва самимий руҳда мулоқот қилишни таклиф қилди.
Шундан сўнг ишлаб чиқариш корхоналари вакиллари ва тадбиркорлар ўзларининг фаолиятларида учраб турадиган бир қанча саволлари ва таклиф ҳамда мулоҳазаларини билдирдилар.
Шундан сўнг, “Ўзстандарт” агентлиги Бош директори А.Каримов Навоий эркин иқтисодий ҳудудида бўлиб, у ерда янги ташкил этилган корхоналарнинг фаолиятлари билан яқиндан танишди. Суҳбат жараёнида уларнинг фаолиятларида стандартларни қабул қилиш, ҳамда ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш, сертификатларни расмийлаштириш тизимларида ўз ечимини кутаётган айрим муаммолар юзасидан манфаатли тавфсиялар ишлаб чиқилишига келишиб олинди.