Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мамлакатимиз парламенти – Олий Мажлисга Мурожаатномасида техник жиҳатдан тартибга солиш тизимини халқаро стандартларга уйғунлаштириш лозимлиги таъкидланган эди. Бу борада қабул қилинган техник регламентлар мазмун моҳиятини аҳоли ва тадбиркорларга етказиш, улар асосида халқаро талабларга жавоб берадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича кўпгина ишлар амалга оширилмоқда.
“Ўзстандарт” агентлигининг Самарқанд стандартлаштириш ва метрология бошқармаси ҳамда Самарқанд синов ва сертификатлаштириш маркази ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 31 мартдаги 99-сонли қарори билан тасдиқланган “Дон хавфсизлиги тўғрисида”ги умумий техник регламенти мазмун моҳияти ҳақида ўқув семинари ташкил этилди.
Ўқув семинарда бошқарма ва марказ масъул ҳодимлари, вилоят Давлат санитария эпидемиология назорат маркази, дон корхоналари вакиллари маърузалари тингланди ҳамда мазкур соҳада амалга оширилиши керак бўлган вазифалар келишиб олинди.
Тадбиркорлик субъектлари вакиллари томонидан техник регламентлар бўйича доимий равишда ўқув семинарларини ташкил этиш маҳсулот сифатини оширишда муҳим ахамиятга эга эканлигини билдирилди. Семинар давомида “Ўзстандарт” агентлиги ҳамда унинг тизим ташкилотлари амалий ёрдам кўрсатишга тайёр эканлиги, Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш илмий тадқиқот институти томонидан маҳсус ўқув курслари ташкил этилаётганлиги тўғрисида ахборот берилди. Бу каби ўқув семинарлари доимий равишда ташкил этилиши тўғрисида келишиб олинди.