Жорий йилнинг 19-23 февраль кунлари “Ўзстандарт” агентлигининг Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш илмий-тадқиқот институтида O’zDSt 3286:2018 “Ҳалол озиқ-овқат махсулотлари  бўйича умумий қўлланма” миллий стандарти  бўйича ўқув курси ташкил этилди. Ушбу стандарт Ислом дини қоидаларига биноан озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқиш, сақлаш, ташиш ва тамғалашга доир талабларни белгилайди.

Ушбу ўқув курсига озиқ-овқат бўйича ҳалол стандарти бўлган SMIIC 1 (Ислом давлатларинг метрология ва стандартлари Институти, 37 та давлат аъзо) ни ишлаб чиқишда бевосита қатнашган, Турк Стандартлари Институтининг (TSE) ҳодимларни сертификатлаш бўлими бошлиғи - Музаффар Ўзан маърузачи сифатида таклиф этилди.

Ушбу ўқув курси ҳалол маҳсулотларни сертификатлаштириш жараёнида қатнашувчи аудиторлар тайёрлаш мақсадида ўтказилиб, унда “Ўзстандарт” агентлиги, “Республика синов ва сертификатлаштириш маркази” ДК ва унинг ҳудудий синов ва сертификатлаштириш марказлари мутахассислари иштирок этдилар.

Ўқув курсида O’zDSt 3286:2018 ҳалол стандарти SMIIC 1 стандарти билан айнан бир хил ҳисобланиб, унда O’zDSt ISO 22000:2009, CODEX STAN 1-1985, CAC/RCP 1-1969, CAC/RCP 58-2005, O’zDSt ISO 22005:2018 каби меъёрий хужжатларга ҳаволалар келтирилганлиги таъкидлаб ўтилди.

Ўқув курсини мувофақиятли тамомлаб, Турк Стандартлари Институти сертификатларига эга бўлган ходимлар ҳалол сертификатлаштириш жараёнида аудитор сифатида қатнашиш ҳуқуқига эга бўладилар. Ҳалол сертификатлаштириш жараёнида аудитордан ташқари Диний қўмитанинг ишончли вакили ҳам иштирок этади.