Эътибор берсангиз бугун тадбиркорларимизнинг ўзлари бозор учун, маҳсулотнинг сифати учун курашаяптилар. Сабаби – жаҳон айвонидаги мавжуд рақобат муҳити шуни талаб этаяпти. Аслида юртимизда яратилган ишбилармонлик муҳити туфайли, тадбиркорларимизда йил эмас, кун сайин бозор учун масъулликларини англаб етмоқдалар.
Дарҳақиқат сўнгги пайтларда “Ўзстандарт” агентлиги Бош директори А.Каримовнинг ташаббуси ва аниқ ишлаб чиқилган режа-дастурига асосан жойларда тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчилар билан яқиндан ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилди.
“Ўзстандарт” ходимлари эндиликда ишлаб чиқарувчилар фаолиятини текширмайди, аксинча уларга яқиндан кўмак беради.
Шу маънода Қашқадарё Синов ва сертификатлаштириш маркази томонидан кейинги қисқа вақт ичида юзлаб тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчиларга амалий ёрдам берилди. Бунинг натижасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг рақобатбардошлиги ошди.
Биргина мисол: жорий йилда “Ўзагроэкспорт” Европа бозорига 5 миллион АҚШ доллари миқдорида қовун, Жанубий Кореяга анор ҳамда гилос экспорти, Россия Федерациясига эса қишлоқ хўжалик маҳсулотлари салмоғи ошириш бўйича шартномалар имзоланди. Бундан ташқари саноат, тўқимачилик маҳсулотларининг ҳажми ҳам жорий йилда сезиларли даражада ортиши кутилмоқда. Табиийки маҳаллий ва қўшма корхоналарда ўзимизнинг сифатли хом ашёлардан тайёрланаётган тайёр маҳсулотларнинг сифати, нархининг нисбатан арзонлиги бунга сабаб бўлмоқда.
Яна бир бор ҳақиқат - авваллари ишбилармонларимиз ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотларини асосан ички бозорда сотишни режалаштиришар эди. Энди-чи? Бугун мутлақо ўзгача ҳолатни кузатиш мумкин. Тадбиркорларимиз бирор маҳсулот ишлаб чиқаришдан аввал унинг экспортини ўйлашаяпти. Чунки бунга барча имконият яратилган-да!
Ўз маҳсулотини экспортга йўналтирадиган ишбилармонлар учун имкониятлар баробарида қатор-қатор имтиёзлар берилган. Бугунги кунда Қашқадарёлик тадбиркорлар ишлаб чиқараётган юзлаб турдаги маҳсулотлар дунёнинг ҳар қандай давлатида тайёрланаётган маҳсулотлар билан сифат жиҳатдан рақобатлашаяпти. Чунки тадбиркор изланаяпти, бозорни ўрганаяпти, мустақил равишда маркетинг тадқиқотлари олиб бораяпти. Изланиш ва ташаббус бор жойда эса ҳар доим ривожланиш, юксалиш бўлган. Марказимизга мурожат қиладиганларнинг аксарият қисмини товар ишлаб чиқарувчилар ташкил этади. Демак, маҳсулот сифати, унинг салмоғининг ортишига биз, яъни “Ўзстандарт” агентлиги ҳамда унинг тизим ташкилотлари ҳам дахлдормиз.
Таҳлиллар вилоятимизда сўнгги йилларда саноат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ортиб бораётганини кўрсатмоқда. Ҳудудимиздаги кўплаб корхоналар, тадбиркорлик субъектлари ҳам бугунги кунда жаҳон бозори талаби даражасида маҳсулот ишлаб чиқараяпти. Президентимизнинг жорий йил январь ойида Қашқадарё вилоятида бўлиб, вилоятнинг иқтисодий-ижтимоий ҳолати, тармоқлар ривожи, маҳсулот экспортини ўтган йилларга нисбатан янада ошириш тўғрисидаги кўрсатмаларига асосан вилоятимизнинг ҳар бир идора ва ташкилотлари, ҳатто корхоналарида ишлар бошлаб юборилган. Хусусан, биргина марказимизнинг “Маҳсулотларни экспорт қилишга кўмаклашиш бўлими” томонидан ҳамкор ташкилотлар, тижорат банклари, вилоят ҳокимлиги билан биргаликда экспортёр корхоналар, фермер ва деҳқон хўжаликларига амалий ёрдам кўрсатаяпмиз. Мақсад - ҳудудимизда ишлаб чиқарилаётган, фермерларимиз томонидан етиштирилиб ички ва ташқи бозорга йўналтирилаётган маҳсулотлар сифатини янада яхшилашгаҳисса қўшишдир. Бунинг учун эса синов лабораторияларимизни замонавий синов ҳамда ўлчов ускуналари билан таъминланмоқда. Биргина ўтган 2017 йилнинг ўзида ўта аниқ кўрсаткичларга юқори аниқликга эга бўлган 15 дона синов ускуналари ва ўлчаш воситалари харид қилинган бўлса, жорий йилда “Ўзстандарт” агентлигининг ривожлантириш режа дастурига асосан 9 та синаш жихозлари сотиб олиш режалаштирилган.
Айниқса, Президентимизнинг 2018 йил 16 январдаги “Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан озиқ-овқат маҳсулотлари импорти бўйича айрим хўжалик юритувчи субъектларнинг монополлашишига чек қўйилгани юртимизда озиқ-овқат маҳсулотлар импорти ҳамда экспорти билан шуғулланадиган тадбиркорлар сони янада ортаяпти. Демак, Ўзбекистонга сифатли, инсон саломатлиги учун хавфсиз бўлган маҳсулотларнинг кириб келиши, уларнинг сотувга чиқарилишидан олдин мувофиқлик сертификатига эга бўлиши мутахассисларимиздан янада масъулиятлироқ бўлишни талаб этади. Маҳсулот сифатини таъминлашда эса ҳукуматимизнинг “Корхоналарда халқаро стандартларга мувофиқ бўлган сифатни бошқариш тизимларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра вилоят корхоналарида халқаро ISO 9001, OHSAS 18001, ISO 14001, ISO 22000 стандартлари жорий этилмоқда. Масалан ўтган 2017 йил давомида вилоятимизнинг 113 та корхоналарида марказимиз мутахассисларининг бевосита ёрдами билан ISO 9001 Сифатни бошқариш тизими жорий этилиб сертификатлаштирилди. Шундан 34 таси ўз маҳсулотини дунёнинг ўнлаб давлатига экспорт қилаётган экспортёр корхоналардир. Маҳсулотларимизга дунё бозорида талаб ортаётгани боис корхоналаримизнинг ўзлари ушбу тизимни жорий этишга қаттиқ киришишган. Сабаби – ISO 9001 ҳар қандай маҳсулот, хизмат сифатини яхшилаш кафолатини бераяпти. Бундан ташқари тизимни жорий этишни режалаштирган корхоналарга қулайлик яратиш мақсадида www.kashssm.uz веб сайтида сифат тизимини жорий этиш юзасидан аризаларни онлайн тарзда қабул қилишни йўлга қўйганмиз. Тадбиркорлар, истеъмолчилар ўзларини қизиқтирган саволлар, айрим муаммолар борасида марказимизда мунтазам ишлаб турган 0 375 221-09-44 ва 0 375 221-16-70 рақамли “Ишонч телефонлари”га қўнғироқ қилишлари мумкин.
Эътиборлиси, бугунги тадбиркорларимизнинг билимли, бир қатор хорижий тилларни ўзлаштирган ҳолда дунё ишбилармонлари билан мулоқотга киришаётганидир. Уйида, ишхонасидан туриб дунё бозоридан хабардор бўлишаяпти улар. Мамлакатимизда импорт маҳсулотларга қўйилаётган талаблар ҳақида хорижлик ҳамкорларга зарур маълумот беришиб, унга кўра хориждан сифатли маҳсулот олиб келишаяпти. Ва аксинча ўзлари ишлаб чиқарган юзлаб турдаги маҳсулотларни ҳам айни шу йўсинда ахборот-коммуникация тизимларидан фойдаланган ҳолда четга чиқаришаяпти. Ана шунинг ўзи ҳам Ўзбекистонимизнинг ҳар бир минтақаси тадбиркори, фермери, ҳатто ҳунарманди, деҳқон хўжалиги учун юртимизда маҳсулотни дунё бозорига чиқаришга имконият ва имтиёзлар яратилганидан далолатдир.
Улуғбек Амирқулов,
“Қашқадарё синов ва сертификатлаштириш маркази” давлат корхонаси директори.