Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони


Мамлакатда замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, электрон давлат хизматларини кўрсатишнинг яхлит тизимини яратиш, давлат органларининг аҳоли билан мулоқот қилишининг янги механизмларини жорий этиш юзасидан изчил иш олиб борилмоқда. 

Шу билан бирга, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини бошқариш ва жорий этиш соҳасидаги бир қатор тизимли муаммо ва камчиликлар ушбу соҳанинг жадал ривожланишига, сифатли ахборот хизматларини кўрсатишга тўсқинлик қилмоқда. Хусусан: 

биринчидан, телекоммуникация инфратузилмаси етарлича ривожланмаган, мамлакатнинг олис аҳоли пунктлари телекоммуникация тармоқлари билан таъминланмасдан қолмоқда, мобиль алоқа ва Интернет тармоғининг сифати аҳоли эҳтиёжларини қондирмаяпти; 

иккинчидан, давлат бошқаруви тизимига ахборот технологиялари 
ва коммуникацияларини жорий этишда ягона технологик ёндашувнинг самарали амалга оширилмаганлиги сабабли идоравий ахборот тизимлари 
ва ресурслари алоҳида-алоҳида жорий қилинмоқда, бунинг оқибатида уларни ягона ахборот маконига интеграциялаш жараёни мураккаблашмоқда; 

учинчидан, электрон тижоратда интеграциялашган савдо ва маркетинг платформалари, интернет-дўконлар, тўлов тизимларини, шунингдек, логистика тизимларини жорий этишга етарлича эътибор қаратилмаяпти, бу иқтисодиёт ва тадбиркорлик ривожланиши, чет эл инвестициялари жалб қилиниши тўхтатиб турилишининг сабабларидан бири бўлмоқда; 

тўртинчидан, давлат ахборот тизимлари ва ресурсларида ахборот хавфсизлигини ва ахборотни муҳофаза қилишни таъминлаш ишларининг заиф ташкил этилганлиги ахборотдан рухсатсиз фойдалана олиш, маълумотлар базаларининг бутунлиги ва махфийлигини бузиш имкониятини оширмоқда; 

бешинчидан, кўплаб давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбарлари томонидан аҳолига кўрсатиладиган хизматларнинг сифати ва тезкорлигини ошириш, бюрократик тартиб-таомилларга барҳам бериш, қоғоз ҳужжат айланишини камайтиришга қаратилган ахборотлаштириш ҳамда замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини жорий қилиш лойиҳаларини амалга ошириш масалаларига етарлича эътибор берилмаяпти; 

олтинчидан, почта алоқа хизматлари ва логистика тизимини модернизация қилиш, почта алоқаси миллий оператори фаолиятининг сифат жиҳатдан янги услубларини жорий этиш ва бозорда унинг фаолияти мавқеини оширишга доир таъсирчан чоралар кўрилмаяпти; 

еттинчидан, ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг амалдаги тизими IT-технологиялар ривожланишининг тезкор суръатларини ҳисобга олмаяпти, шунингдек, таълим беришнинг илғор услубларини жорий этиш учун хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим муассасалари билан самарали мулоқотни ташкил қилиш имконини бермаяпти; 

саккизинчидан, электрон ҳукумат, электрон тижорат, электрон давлат хизматлари кўрсатиш тизими, уларнинг шаффофлиги ва очиқлиги, шунингдек, телекоммуникация инфратузилмасининг ривожланишида анча илгарилаб кетган мамлакатларнинг тажрибасини чуқур ўрганиш ва жорий этиш бўйича тизимли иш олиб борилмаяпти. 

Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш, электрон давлат хизматлари ва телекоммуникация хизматлари спектрини кенгайтириш, телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясига мувофиқ: 

1. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (кейинги ўринларда Вазирлик деб юритилади) ҳамда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг: 

Республика ахборот-кутубхона маркази, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ахборот-кутубхона марказларини Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси тасарруфига ўтказиш; 

“Оммавий коммуникациялар соҳасидаги мониторинг маркази” давлат муассасасини Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги тузилмасига бериш; 

“Матбуот тарқатувчи” АКни белгиланган тартибда “Ўзбекистон почтаси” АЖга қўшиш масаласини “Матбуот тарқатувчи” АК ва “Ўзбекистон почтаси” АЖ акциядорларининг умумий йиғилишларида қўйиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин. 

Вазирлик икки ҳафта муддатда ўтказилаётган ташкилотларнинг штат бирликлари ва бинолари, шунингдек, уларга тегишли бўлган товар-моддий бойликлар, шу жумладан пул маблағларининг Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигига берилишини таъминласин. 

2. Қуйидагилар вазирликнинг асосий вазифалари ва фаолиятининг устувор йўналишлари этиб белгилансин: 

ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш 
ва қўллаш соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда муносабатларни тартибга солиш, электрон ҳукуматни жорий этиш, ахборот жамияти ва рақамли иқтисодиётни шакллантириш фаолиятини мувофиқлаштириш; 

“охирги миля” тамойили бўйича Интернет тармоғидан кенг полосали фойдаланишни кенгайтириш, мультисервисли алоқа тармоқлари технологиялари, мобиль алоқа бозори, бошқа замонавий телекоммуникация хизматлари, шунингдек, логистика ва почта алоқаси хизматлари орқали телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш; 

давлат органларининг ахборот тизимлари ва ресурсларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш, идоралараро ўзаро электрон ҳамкорликни ташкил қилиш, ягона электрон реестрлар ва маълумотлар базаларини, “ягона дарча” тамойили бўйича электрон давлат хизматлари кўрсатиш тизимларини шакллантиришга ягона технологик ёндашув амалга оширилишини таъминлаш; 

давлат бошқаруви ва иқтисодиётнинг реал секторида инновацияларни жорий қилишга кўмаклашиш, рақамли иқтисодиёт ўсишини рағбатлантириш, шу жумладан ишлаб чиқаришда комплекс автоматлаштирилган бошқарув тизимларини жорий этиш, электрон тижоратнинг ривожланиши учун қулай шарт-шароитларни яратиш; 

шаҳар ва ҳудудий инфратузилмани, шу жумладан келгусида интеграциялашган, “ақлли” ва “хавфсиз” шаҳар ягона комплексига бирлаштирган ҳолда уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, транспорт логистикасини, шошилинч хизматларни бошқаришнинг замонавий интеллектуал тизимларини жорий этиш ва ривожлантириш; 

технопарклар ва коворкинг-марказлар фаолиятини ташкил қилиш, 
шу жумладан давлат-хусусий шериклик асосида замонавий рақобатбардош ва экспорт учун мўлжалланган дастурий маҳсулотлар ҳамда хизматларнинг маҳаллий ишлаб чиқарилишини ривожлантиришни рағбатлантириш, шарт-шароитлар яратиш ва инвестицияларни жалб қилиш; 

етакчи хорижий компаниялар ва таълим муассасаларининг энг яхши амалиёти асосида ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида стратегик ва лойиҳа бошқаруви, менежмент, маркетинг бўйича илмий тадқиқотлар ва ишланмаларни, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда малакасини оширишни ташкил қилиш; 

киберхавфсизликни таъминлаш ва тармоқлар, дастурий маҳсулотлар, ахборот тизимлари ва ресурсларини жорий қилишни таъминлаш бўйича комплекс чораларни амалга ошириш, шахсий ва биометрик маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва сақлаш бўйича технологияларнинг қўлланишини тартибга солишда иштирок этиш; 

тақдим этилаётган телекоммуникация ва почта алоқаси хизматларининг юқори сифатини таъминлаш мақсадида ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида қонун ҳужжатларига риоя этилишининг давлат назоратини амалга ошириш; 

ахборот технологиялари ва коммуникацияларини қўллаш ва ривожлантириш масалалари бўйича, шу жумладан, техник стандартлар, регламентлар жорий этилишини ташкил қилиш, шунингдек, Вазирликнинг фаолият соҳасига кирадиган бошқа йўналишлар бўйича халқаро ташкилотлар, чет эл компаниялари, илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш. 

3. Белгилаб қўйилсинки: 

давлат органлари ва бошқа бюджет ташкилотлари бюджетдан ташқари жамғармалар маблағларидан фойдаланишда янги ахборот тизимлари, дастурий маҳсулотлар, маълумотлар базаларини ишлаб чиқишга, биринчи навбатда, аҳолига кўрсатиладиган хизматларнинг сифатини ва тезкорлигини оширишга, бюрократик тартиб-таомилларга барҳам беришга, қоғоз ҳужжат айланишини камайтиришга қаратилган электрон давлат хизматларини жорий этишга устувор эътибор қаратадилар; 

давлат органлари ва бошқа бюджет ташкилотларининг ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш учун масъул бўлган раҳбарлари ва бўлинмалари ходимлари уч йилда бир марта мос равишда Вазирлик ва унинг ҳудудий бошқармаларида аттестациядан ўтадилар; 

ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш учун масъул бўлган ижро этувчи ҳокимият республика органлари бўлинмаларининг раҳбарлари Вазирлик билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланадилар; 

ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш учун масъул бўлган ижро этувчи ҳокимият ҳудудий органлари бўлинмаларининг раҳбарлари Вазирликнинг тегишли ҳудудий бошқармаси билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланадилар. 

4. Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси Вазирлик ҳузуридаги Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича инспекция (кейинги ўринларда – Инспекция) этиб қайта ташкил этилсин. 

Инспекция ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида қонунчилик, фонограммалар, аудиовизуал асарлар, электрон ҳисоблаш машиналари учун дастурларни тарқатишда муаллифлик ҳуқуқларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширувчи махсус ваколатли давлат органи ҳисобланиши белгилансин. 

2018 йил 1 апрелдан Инспекцияга қонунчилик ва бошқа норматив ҳужжатлар, давлат стандартлари талаблари ҳамда алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида тақдим этилаётган хизматлар сифатининг бузилиш ҳолатлари тўғрисидаги маълумотларни аниқлаш, олиш ҳуқуқи берилсин. 

5. Вазирлик, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги икки ой муддатда “Ўзбекистон почтаси” АЖ почта алоқаси миллий операторига агент сифатида банк ва суғурта хизматларини кўрсатиш, шу жумладан тўловларни қабул қилиш ва ўтказиш, банк карталарига хизмат кўрсатиш, аҳолининг бўш пул маблағларини жалб қилиш, ихтиёрий ва мажбурий суғурта қилиш хизматлари ва аутсорсинг шартларида бошқа хизматларни кўрсатиш ҳуқуқларини тақдим этиш масаласини ўргансин ҳамда ушбу бандни амалга ошириш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин. 

6. Вазирлик Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда уч ой муддатда қуйидагилар бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин: 

“Ўзбекистон почтаси” АЖни, шу жумладан чет эл маслаҳатчиларини жалб қилган ва илғор халқаро тажрибани ўрганган ҳолда ислоҳ қилиш; 

почта алоқаси операторлари ва курьерларининг тармоғини ривожлантириш, хорижда халқаро почта жўнатмаларининг алмашинув пунктларини ташкил этиш. 

7. Белгилаб қўйилсинки: 

а) 2018 йил 1 июндан: 

тадбиркорлик субъектлари товарлар, ишлар (хизматлар) экспорт қилинганлиги учун экспорт шартномаси тузмасдан ва банк комиссияси ундирилмасдан, Интернет тармоғидаги электрон савдо майдончалари орқали, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича айрим товарлардан ташқари, товарлар, ишлар (хизматлар) экспортини амалга ошириш ҳуқуқига эга; 

тадбиркорлик субъектлари томонидан электрон тижоратдан фойдаланиш орқали сотиладиган товарлар айланмаси уларнинг ҳажмидан қатъи назар, чакана савдо ҳисобланади; 

б) ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида халқаро консалтинг компаниялари ва экспертларини жалб қилиш, ўз IT-инфратузилмасини ривожлантириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, Вазирлик ходимларини моддий рағбатлантириш Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади; 

в) Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Вазирлик ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари Вазирлик ҳайъати томонидан аниқланади; 

г) давлат органлари ва бошқа бюджет ташкилотларининг замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини жорий қилиш ва ривожлантиришга масъул бўлган ходимларига бериладиган ҳар ойлик устама миқдори ходим лавозим маошидан 100 фоиздан кам бўлмаган миқдорда белгиланади; 

д) давлат органлари ва бошқа бюджет ташкилотларининг ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантиришга масъул бўлган бўлинма раҳбарлари ҳар йил якунлари бўйича Вазирлик қарори асосида ахборот тизимлари, электрон давлат хизматлари ва ахборотлаштиришни жорий этиш режалари ва дастурларининг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилганлиги учун, Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан энг кам иш ҳақининг 100 бараваригача миқдорда мукофотланади. 

8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2018 йил 1 августга қадар муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи 2018-2020 йилларга мўлжалланган ҳудудларда ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш дастурларини ва устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхатини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин: 

телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш, аҳолининг сифатли мобиль алоқа, Интернет тармоғидан кенг доирада фойдаланишини таъминлаш; 

соғлиқни сақлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, таълим, коммунал хизмат кўрсатиш, туризм соҳасида замонавий ахборот тизимлари, дастурий маҳсулотлар ва маълумотлар базаларини жорий қилиш, шунингдек, “ақлли” ва “хавфсиз” шаҳарлар ҳамда ҳудудларни ташкил қилиш; 

давлат-хусусий шериклик асосида инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, экспортбоп дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш; 

жойларда, айниқса, олис жойларда электрон давлат хизматларини тақдим этиш тизимини янада кенгайтириш. 

Белгилансинки, дастурларни ва лойиҳаларнинг манзилли рўйхатини молиялаштириш Фонд маблағлари ҳисобидан, тегишли ҳудуд мобиль алоқа хизматларини кўрсатадиган юридик шахслар томонидан тўланадиган абонент рақамидан фойдаланганлик учун келиб тушадиган сумманинг 5 фоизгача бўлган миқдорида амалга оширилади. 

9. Мазкур Фармоннинг 8-бандида назарда тутилган дастурларнинг амалга оширилишини тизимли мониторинг қилиш ва идоралараро мувофиқлаштириш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари раҳбарлигида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича ҳудудий кенгашлар ташкил этилсин. 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари Вазирлик билан биргаликда бир ой муддатда: 

дастурлар қабул қилинганидан кейин ҳудудий кенгашлар таркибларини тасдиқласин, шунингдек, дастурлар ижросининг ҳар ойда кўриб чиқилишини таъминласин; 

“Компьютерлаштириш маркази” ДУКни “Электрон ҳокимият” ахборот тизимини яратиш ва жорий этишни асосий вазифа деб белгилаган ҳолда “Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази” ДУКга айлантириш юзасидан ташкилий чора-тадбирларни кўрсин. 

10. Вазирлик ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида, шу жумладан унинг филиалларида 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича ўқитишнинг кредит тизимини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин. 

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетига: 

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда ўқув жараёнининг ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш суръатлари билан узлуксиз алоқасини таъминлашни ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда ўқув режалар ва дастурлар, битирувчилар учун малака талабларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш; 

профессор ўқитувчилар таркиби меҳнатини ўқитишнинг кредит тизими шартларидан келиб чиқиб фақат таълимга хос тадбирлар асосида иш вақти хисобга олинишига асосланган ҳолда мустақил нормалашни амалга ошириш, шунингдек, педагогик ходимлар томонидан илмий-услубий, илмий-тадқиқот, ташкилий-услубий, маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларнинг бажарилишини рағбатлантириш ҳуқуқи берилсин. 

Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда кредит тизими бўйича ўқитиш тартибини белгилайдиган Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин. 

11. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси: 

бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Вазирлик ва Инспекция фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги қарорлари лойиҳаларини киритсин; 

бир ой муддатда Вазирлик ва Инспекция тўғрисидаги янгиланган низомларни тасдиқласин. 

12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 4 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида”ги ПФ-4702-сон Фармони 2-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин. 

13. Вазирлик манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин. 

14. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов ва Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О.Б.Муродов зиммасига юклансин. 



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                 Ш.МИРЗИЁЕВ 

Манба: уза.уз