Жорий йилнинг 13 феврал куни “Ўзстандарт” агентлигининг Қашқадарё Стандартлаштириш ва метрология бошқармаси ҳамда Синов ва сертификатлаштириш марказининг ташаббуси билан вилоятда маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналар, фермер хўжаликлари  ҳамда  экспортёр  корхоналар учун “Ҳалол”, “Global G.A.P.” ва Органик қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари халқаро  стандартлари  бўйича семинар-тренинг ўтказилди. Семинарга Ўзбекистон мусулмонлар идораси ҳамда  «Ўзстандарт» агентлигидан бир гуруҳ маъсуллар таклиф этилди.

Бугунги кунда  аҳолининг сифатли озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, шу билан биргаликда  қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажмини янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маълумки, Президентимиз томонидан 2018 йилни “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қуллаб-қувватлаш йили”  деб эълон қилинди, ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича “Ҳаракатлар стратегияси”да иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Мазкур семинар ишининг мазмун-моҳияти ҳам қишлоқ хўжалиги  маҳсулотларини етиштирувчи маҳаллий фермер хўжаликларига, экспорт салоҳиятини ошириш ва техник тўсиқларни бартараф этишда амалий кўмаклашишга қаратилди.

Кун тартибидаги “Ҳалол”, “Global G.A.P.” ва Органик қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари халқаро стандартлари талаблари, моҳияти ва долзарблиги юзасидан малакали мутахассислар томонидан батафсил маълумотлар берилди.

Жумладан мазкур хорижий  стандартларини амалиётга жорий этишнинг афзалликлари, ҳамда ишлаб чиқариш корхоналарига, шу жумладан озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларга мазкур стандартни қабул қилиш орқали сертификатлаштириш жараёнларида белгиланган меъёрларга амал қилиниши муҳимлигини алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Семинар якунида бундай фойдали учрашувларни тизимли ўтказишга қарор қилинди.