“Ўзстандарт” агентлиги Сирдарё стандартлаштириш ва метрология бошқармаси ҳамда Синов ва сертификатлаштириш маркази вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда ОАВ вакиллари иштирокида Сирдарё вилоятида меҳнат қилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи маҳаллий фермер хўжаликлари, агрофирмаларнинг раҳбарларига экспорт салоҳиятини ошириш ва мавжуд техник тўсиқларни бартараф этишда кўмаклашиш мақсадида семинар ташкил қилинди.
Семинар ишини вилоят хокимлиги котибияти мудири И.Рахмонов очиб йиғилганлардан тадбирни жонли ва очиқ мулоқот шаклида ўтказишни таклиф қилди.
“Ўзстандарт” агентлиги СМСИТИ бўлими бошлиғи С.Саидов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6 ноябрдаги “Мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3377-сонли қарори билан республикамизда халқаро стандартларни, шу жумладан “ISO 22000”, “Ҳалол” стандартларини жорий этиш белгиланганлиги кенг миқёсда тушунча берди.
Қарорга мувофиқ “Ўзстандарт” агентлиги томонидан Соғлиқни Сақлаш вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитаси, Савдо-саноат палатаси ва “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси билан келишилган ҳолда O`zDSt 3286:2018 – “Ҳалол озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича умумий қўлланма” Ўзбекистон Республикасининг давлат стандарти қабул қилинганлигини, ушбу стандарт ислом принциплари ва шароитларига биноан, ҳалол маҳсулотлари ва озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш, тайёрлаш, қайта ишлаш, таснифлаш, қабул қилиш, қадоқлаш, тамғалаш, белгилаш, текшириш, ортиш-тушириш, етказиб бериш, тарқатиш, сақлаш ва хизмат кўрсатиш каби озиқ-овқат тизимининг ҳар бир босқичида риоя қилиш учун зарур бўлган умумий қоидаларни ўз ичига олишини таъкидлаб ўтди.
Шу билан бирга органик сертификатлаштиришнинг талаблари ва GLOBAL G.A.P. стандарти юзасидан, стандартнинг талаблари, моҳияти ва долзарблиги тўғрисида ҳам батафсил маълумотлар етказилди.
Шундан сўнг йиғилганлар мавзу юзасидан ҳамда соҳага оид бошқа масалаларда қизиқтирган саволлар беришди. Сирдарё стандартлаштириш ва метрология бошқармаси бошлиғи Б.Ҳамрокулов, Синов ва сертификатлаштириш маркази давлат корхонаси директори Ж.Шакаров ва “Ўзстандарт” агентлиги СМСИТИ бўлими бошлиғи С.Саидовлар берилган саволларга тўлиқ жавоб қайтардилар.
Сирдарёлик фермерлар бу каби семинарларни ҳудудларда ташкил этишга келишиб олдилар.