“Ўзстандарт” агентлиги Бош директори томонидан тасдиқланган режа-дастурига асосан, навбатдаги Сайёр учрашуви Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида ташкил этилди.
Сайёр учрашувини Термиз туман ҳокими Ш.Ўринов кириш сўзи билан очиб, йиғилишдан кўзланган мақсад ва вазифаларга тўхталиб ўтди. Шундан сўнг учрашувда қатнашаётган “Ўзстандарт” агентлиги Бош директорининг ўринбосари Ж.Н.Шукуров сўзга чиқиб, ҳозирги кунда Ҳукуматимиз томонидан тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчиларга яратиб берилаётган имтиёз ва имкониятларнинг моҳияти ҳақида маълумот берди.
Шунингдек Бош директор ўринбосари Ж.Шукуров ўз сўзини давом эттириб,“Ўзстандарт” агентлиги олдида турган муҳим ва устивор йўналишлари ҳамда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган юртдошларимизга яқиндагина агентликнинг ташаббуси билан қабул қилинган “Ҳалол” стандартининг аҳамияти хусусида ва маҳсулотларини хориж бозорларига экспорт қилишни режалаштирган корхоналарнинг раҳбар ходимларига кўрсатилаётган амалий ёрдам ҳақида йиғилганларга батавфсил ахборот берди.
Сайёр учрашувига вилоят ва Термиз тумани миқёсида фаолият кўрсатаётган жисмоний ва юридик шахслар таклиф этилди. Учрашув ўз мақсад-моҳиятидан келиб чиққан ҳолда, очиқ ва самимий руҳда ташкил этилгани боис, иштирокчилар иккиланмасдан ўзларини қизиқтирган барча саволларига жавоб олдилар.
Сайёр учрашувида “Ўзстандарт” агентлиги Бош директорининг Матбуот хизмати раҳбари А.Расулов ва Сурхондарё Стандартлаштириш ва метрология бошқармаси ҳамда Синов ва сертификатлаштириш маркази директорилари ва соҳаларнинг масъул ходимлари иштирок этдилар.
Албатта, юртимизнинг олис ҳудудларида ташкил этилаётган бундай учрашувлар, очиқ мулоқотлар истеъмолчиларимиз манфаатларини ҳимоя қилишга, маҳсулотларни стандарт талаблари асосида ишлаб чиқарилишига ва энг асосийси тадбиркорларимиз учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратилишига имконият яратади.