Бутун турк дунёси Алишер Навоийни “шамс ул-миллат”,-миллат қуёши деб ҳамма даврларда эъзоз билан тилга олади. Бутун умрини туркий тилнинг мавқеини кўтариш, туркий адабиётнинг имкониятларини дунёга тан олдириш, туркий давлатчилик асосларини мастаҳкамлашга, жамиятда ҳақиқат ва адолат мезонларини қарор топтиришга бағишлаган бобокалонимиз бу эътирофга тўла-тўкис муносибдирлар.
Халқимиз ичида бу зотнинг ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ ривоят ва афсоналар ҳам талайгина. Чунки одамлар ўзларига ва келгуси авлодга яшаш тарзи, қилмишлари ибрат, айтадиган ва ёзадиган сўзлари ҳақиқат бўлган табаррук зотлар тўғрисида ҳам ҳурмат, ҳам ҳикмат маъносида мана шундай оғзаки ижод намуналарини тўқишга ҳаракатлари бўлиши табиий.
Ҳаёт ва одамзод яралибдики, ёруғлик билан зулмат, яхшилик билан ёмонлик, эзгулик билан ёвузлик курашиб келган. Навоий бобомизнинг асарларида ҳам одамзотни покликка, яхшиликка, эзгуликка, бағри кенгликка, самимийликка чорлаб турадиган ўлмас ғоялар мужассам.
Шу боис шоирнинг асарларини ўқиганимизда излаган маънавий саволларимизга жавоб оламиз.
Бугун шеърият мулкининг султони ҳисобланган Мир Алишер Навоий бобомиз таваллуд айёмлари муносабати билан Республикамиз миқёсида бадиий кечалар ташкил этилмоқда.
“Ўзстандарт” агентлигида ҳам мазкур сана муносабати билан маърифий тадбир ташкил этилди. Учрашувга халқимизнинг севимли шоири Мирзо Карим ва хонанда Мохирахон Бобожоновалар таклиф этилди.
Самимий руҳда ташкил этилган учрашувда шоир Мирзо Карим Навоий бобомизнинг ижодлари ҳақида йиғилганларга батавфсил маълумот бериш билан бир қаторда, ўз ёзган шеърларидан ҳам йиғилганларга ўқиб берди.
Хонанда Мохирахон Бобожонова эса Навоий ғазалари билан айтилаётган қўшиқлардан жонли овозда куйлаб берди.