“Ўзстандарт” агентлигининг ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6 ноябрдаги «Мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида “Ҳалол” стандартини жорий этишнинг аҳамияти ва халқаро савдодаги ўрни” мавзусида халқаро ўқув семинари ташкил этилди.
Мазкур тадбирга Турк стандартлари институтининг халқаро эксперти Хуля Караарсалан таклиф этили, ҳамда унинг мавзу юзасидан маърузаси ҳам тингланди.
Халқаро семинарда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитасидан, «Ўзбекозиқовқатхолдинг» ХК, «Ўзбекозиқовқатзахира» ва «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасидан бир қатор масъул ходимлари, ҳамда тадбиркорлик субъектларининг вакиллари иштирок этдилар.
Маълумки, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясида иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.
Жумладан; Мамлакатимизда туризм соҳасини жадал ривожлантириш, унинг иқтисодиётдаги аҳамияти ва ҳиссасини ошириш, туристик хизматлар сифатини диверсификация қилиш ва яхшилаш ҳамда унинг инфратузилмасини кенгайтиришга;
- экспорт фаолиятини либераллаштириш ва соддалаштириш, экспорт тузилиши ва географиясини диверсификация қилиш, иқтисодиёт соҳалари ва ҳудудларнинг экспорт имкониятларини кенгайтириш ва сафарбар қилиш каби масалалар белгилаб берилган.
Шу мақсадда, «Ўзстандарт» агентлиги томонидан ривожланаётган мамлакатларнинг туристик инфратузилмасининг ҳолати ва экспорт имконияларини янада ошириш механизми чуқур ўрганилди. Аниқроқ қилиб айтганда, сайёҳларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, сифатли ва қулай хизматларни кўрсатиш орқали туризм соҳасини ривожлантириш учун айрим мамлакатларда «Ҳалол» стандартлари бўйича маҳсулотларни ишлаб чиқариш, шу жумладан овқатланиш хизматлари тизимининг мавжудлиги муҳим аҳамият касб этмоқда.
Маълумот учун: Ҳалол (яъни - рухсат этилган) тушунчаси – бу «ислом динида рухсат этилган ва йўл қўйилган барча маҳсулотлар» бўлса, «Ҳалол» стандартлари эса – маҳсулотларни ислом дини талаблари бўйича ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш, сотиш ва тамғалаш жараёнларига бўлган талабларни белгилайди.
«Нalal» араб атамасига нисбатан умумий методик кўрсатмалар «Кодекс Алиментариус» Комиссиясининг 1997 йилдаги 22 сессиясида қабул қилинган.
Маълумот учун:
«Кодекс Алиментариус» – (лотинчада - овқат бўйича қонунлар ёки қонунлар тўплами) ягона шаклда баён этилган озиқ-овқат маҳсулотларига стандартларнинг халқаро ҳамжамияти томонидан қабул қилинган тўпламни ўзида ифодалайди.
Статистик маълумотларга кўра, “Halal” стандартини жорий этиш бўйича Малайзия, Туркия, БАА, Саудия Арабистони, Қатар, Индонезия каби мамлакатлар илғор ҳисобланади.
Бугунги кунда “Halal” белгиси остида ишлаб чиқариладиган маҳсулотларга Европа иттифоқи, АҚШ, Буюк Британия, Австралия, Канада, Хитой, Ҳиндистон, Лотин Америкаси давлатлари, Янги Зеландия ва Таиланд каби мамлакатларда ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, дунёда мусулмонларнинг ортиб бориши (тахминан 1,8 млрд одам, ер аҳолисининг 24 фоизи) «Ҳалол» стандарти талаблари асосида ишлаб чиқариладиган маҳсулотларга талабнинг ошишини таъминлайди.
Маълумот учун: Экспертларнинг фикрича, 2025 йилда ҳалол маҳсулотларининг улуши дунёда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг камида 20 фоизини, 2030 йилга бориб эса 25 фоизини ташкил этади.
Бугунги кунда, МДҲ мамлакатлари (Россия Федерацияси, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон), Саудия Арабистони, Бирлашган араб амирликлари, Эрон, Иордания, Миср, Бахрайн каби мусулмон мамлакатларига «Ҳалол» белгиси остида ўз маҳсулотларини экспортга чиқариб улгурган.
Мисол учун: Биргина Бирлашган араб амирликлари 200 дан ортиқ давлатлар билан савдо сотиқ ишларини амалга оширади, бунда маҳсулотларни экспорт қилиш учун “Халол” белгиси билан сертификатланган маҳсулот талаб этилади.
Ҳалол стандартлари талаблари асосида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар бозори ҳажми 4,0 триллион АҚШ долларини ташкил этади, шундан:
- Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) мамлакатларига - 20 фоиз;
- Исломий бўлмаган мамлакатларга (Европа Иттифоқи, Австралия, Янги Зеландия, Бразилия ва б.қ.) – 80 фоиз.
2018 йил охирига келиб ҳалол маҳсулотлари бозори ҳажми тахминан 6,4 триллион АҚШ долларини ташкил этиши кўзда тутилган.
Мисол учун: Ҳалол туризм - бу жадал ривожланаётган соҳа бўлиб, унинг йиллик ҳажми 126 млрд. АҚШ долларини ташкил қилади, 2020 йилга келиб бу кўрсаткич 419 млрд. АҚШ долларга етади.
Ҳалол туризм индустрияси охирги вақтларда жадал суръатларда ўсиб бормоқда ва мутахассислар томонидан бу туризм соҳасидаги янгиланиш сифатида баҳоланмоқда.
Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳар йили 300-330 миллион сайёҳлар дунёдаги энг муҳим диний объектларга ташриф буюришади.
Шу муносабат билан тадбирни “Ўзстандарт” агентлиги Бош директори А.Каримов кириш сўзи билан очар экан, “Ҳалол” стандартини амалиётга жорий этишнинг афзалликлари, ҳамда ишлаб чиқариш корхоналарига, шу жумладан озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларга мазкур стандартни қабул қилиш орқали сертификатлаштириш жараёнларида белгиланган меъёрларга таяниш зарурлигига эътиборни қаратди.
Мазкур учрашув ўзининг долзарблиги билан йиғилганларда ва Оммавий ахборот воситалари ходимларида ҳам катта таъсурот қолдирди.