Қадимий ва ҳамиша навқирон, инсоният тарихида маълум ва машҳур аллома саналган Абу Райҳон Берунийдек улуғ алломага бешик бўлган замин чинданда инсонни ўзига мафтун этади.
Олис тарих ва келажак орасида кўприк вазифасини бажариб келаётган заминда яшовчи инсонлар ўзларининг меҳнатсеварликлари, самимийликлари билан ажралиб турадилар.
Ана шундай юртдошларимизнинг ҳаёти билан танишиш, улар билан юзма-юз суҳбатлашиш ва қувочу-шодликларига шерик бўлиш одамга ўзгача куч-қувват бағишлайди.
“Ўзстандарт” агентлиги Бош директори Абдуҳамид Каримов Хоразм вилоятига қилган сафари давомида Қорақолпоғистон Республикасининг Беруний туманида ҳам навбатдаги Сайёр учрашувни ўтказди.
Бош директор учрашув жараёнларида халқ вакиллари билан очиқ ва самимий руҳда гаплашиб, уларни ҳозирги кунда ўйлантираётган масалалари, тадбиркорлик фаолиятларида Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш йўналишларида қандай муаммолари борлиги билан қизиқти.
Сайёр учрашувда Беруний тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари И. Исмоилов, Қорақолпоғистон Республикаси Стандартлаштириш ва метрология бошқармаси бошлиғи У.Исмоилов, Синов ва сертификатлаштириш маркази директори Ч.Худойбергенов ҳамда соҳанинг бир қатор масъул ходимлари қатнашдилар
Учрашувда тумандаги бир қатор маҳаллаларнинг раислари ҳам иштирок этиб, Бош директор А.Каримовга аҳоли учун маиший ўлчов воситаларини давлат қиёсловидан ўтказадиган шахобчани туман марказида очиш таклифи билан чиқдилар.
Унга жавобон “Ўзстандарт” агентлиги Бош директори А.Каримов мазкур таклифни қўллаб-қувватлади ва шу ернинг ўзида Қорақолпоғистон Республикаси Стандартлаштириш ва метрология бошқармасининг бошлиғи У.Исмоилавга 20 кун муддат ичида Беруний туманида шахобчани очиш юзасидан топшириқни берди.
Бош директорнинг дадил ҳал қилган қарори учрашув иштирокчиларини беҳад хурсанд қилди. Бир сўз билан айтганда янги йил арафасида қиёслов шахобчасининг очилиши туман аҳолиси учун муҳим совға бўлди.
Сайёр учрашув тадбирида ишлаб чиқариш корхоналарининг вакиллари ва тадбиркорлар қатнашиб, ўзларини қизиқтирган бошқа саволларига ҳам жавоб олдилар.
Келгусида бундай учрашувларни тизимли ўтказишга келишиб олинди.