Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи самарали бўлди. Хусусан, Оролбўйи минтақасида иқтисодиёт тармоқларини, қишлоқ хўжалигини янада тараққий эттириш орқали аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган қатор истиқболли лойиҳалар белгилаб олинди. 

Давлатимиз раҳбари Хўжайли туманида барпо этилаётган замонавий логистика марказида Қорақалпоғистонда озиқ-овқат саноати соҳасида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, туячилик ва балиқчиликни ривожлантириш бўйича дастурлар тақдимоти билан танишди. 

Шу ерда келгусида катта даромад келтириши кутилаётган аччиқ қалампир етиштириш ва уни экспорт қилиш лойиҳаси ҳам тақдим этилди. 

Мутахассислар фикрича, бугунги кунда дунё бўйича 4,4 миллион гектар майдонда аччиқ қалампир экилиб, 68,3 миллион тонна ҳосил олинади. Бир гектар майдонда ҳосилдорлик 15-20 тоннагача етади. 5 килограмм ҳосилдан 1 килограмм қуритилган аччиқ қалампир олиш мумкин. Мисол учун, 1 гектар майдондан 16 тонна ҳосил етиштирилса, 3,2 тонна қуритилган аччиқ қалампир олинади. Унинг 1 тоннасининг нархи дунё бозорида 8 минг 640 доллар атрофида баҳоланади. 2017 йилда аччиқ қалампир савдосидан олинадиган даромад 30 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда. Ушбу маҳсулотнинг асосий қисми Индонезия, Хитой ва Мексикада етиштирилади. 

Президентимиз кам ҳосил берадиган пахта майдонларини қисқартириш ҳисобига 60-80 кунда етиладиган аччиқ қалампир экиш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди. 

– Яқинда бир гуруҳ мутахассислар, туман ҳокимлари Индонезияда хизмат сафарида бўлдик, – дейди Беруний тумани ҳокими Фарҳод Эрмонов. – У ерда биз экспортбоп маҳсулотлар, айниқса, аччиқ қалампир етиштириш бўйича тажриба алмашдик. Жумладан, 2018 йилда туманимиздаги фермер хўжаликларининг 1000 гектар ер майдонида мутахассисларни жалб этган ҳолда, Индонезиядан аччиқ қалампир кўчатларини олиб келиб экмоқчимиз. Бунда паст рентабелли, кам ҳосил берадиган пахта майдонларидан фойдаланамиз. Шу ўринда ўзимиздаги мавжуд маҳаллий қалампир навларидан фойдаланиш қулай эмасми, деган савол туғилиши табиий. Гап шундаки, биздаги қалампир навларининг аччиқлик даражаси 3,4 баллни ташкил этади. Индонезиядан олиб келинадиган қалампир кўчатларининг аччиқлик даражаси эса 7,8 баллни ташкил қилади, яъни дунё стандартларига тўлиқ жавоб беради ва экспортбоп. Бундай навли аччиқ қалампирнинг ҳар гектаридан 20-27 миллион сўм фойда кўриш мумкин, бу пахтага нисбатан бир неча баравар кўп демакдир. Кўриниб турибдики, агротехник тадбирларни тўғри ташкил этиб, белгиланган ҳосилни тўплай олсак, бу деҳқонларимиз учун ҳам, давлатимиз учун ҳам катта даромад манбаига айланади. 

Бугун замон шиддати барча соҳалар қатори қишлоқ хўжалигида ҳам катта ислоҳотларни амалга оширишни тақозо этмоқда, деди давлатимиз раҳбари. Шундай экан, илмга таяниб маҳсулот етиштирмаган, унинг экспортини ўйлаб меҳнат қилмаган фермер кўзлаган натижасига эриша олмайди. 

Президентимиз мамлакатимизда сердаромад, экспортбоп бўлган аччиқ қалампир етиштиришни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди. Хусусан, 2018 йилда Қорақалпоғистонда 15 минг гектар майдонга аччиқ қалампир экиш белгилаб олинди. Ҳар бир вилоятда ушбу сердаромад ўсимликни кўпайтириш лозимлиги қайд этилди. Уни экиш, агротехник тадбирларни ташкил этишда фермерларимизга индонезиялик мутахассислар ёрдам беради. 

Бу мамлакатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи доирасида амалга оширилиши белгиланган битта истиқболли лойиҳа ҳақида маълумот. Ташриф давомида бу каби ўнлаб лойиҳалар тақдим этилди. Ушбу лойиҳалар рўёби натижасида минглаб иш ўринлари яратилади, демак, оилалар доимий даромад манбаига эга бўлади, уларнинг турмуш фаровонлиги яхшиланади. Президентимиз кўп бора таъкидлаганидек, одамларимиз эртага эмас, узоқ келажакда эмас, бугун яхши яшашни хоҳлайди. Амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлардан кўзланган пировард мақсад ҳам шу.