Аслида Олам турфа ранглардан иборат. Кимгадир оқ,сариқ, ва бошқа инсонлар яшил ва қизил рангларни ёқтиради. Эътибор берилса она табиат бағрида ранглар кўп.
Фасиллар алмашинуви, айниқса олтин рангда товланиб турган табиат гўзалликлари ҳеч биримизни бефарқ қолдирмаса керак. Ишдан,турмуш ташвишларидан бир оз бўлсада чекиниб,табиатнинг бағрида бўлиш, унинг овозига қулоқ тутган инсон,вақт деб аталган учқур отнинг нечоғлик шиддат билан чопаётганига амин бўлади.
Инсон зотига вазминлик, сахийлик,оқибат ва улуғворликдан сабоқ бераётган куз фасли ҳам ўз ниҳоясига етиб қолди.Ҳа демай, қишнинг қуровли кунлари бошланади. Бироз фурсат ўтмай туриб,илиқ ва яшариш фасли бўлган баҳорни соғиниб қоламиз.
Шу тариқа оқар сув мисоли ҳаётимиз ўтаверади. Энг муҳими, қимматли ва такрорланмас умр дафтаримизни қандай хотиралар билан тўлдиришимизга боғлиқ.
Баъзан ўзимиз билан ўзимиз холи қолганда, ўтган дамларимизни, қилган у ёки бу ишларимизни сарҳисоб қиламиз.Айни шу дамларда ўзимизни ўзимиз ҳечам алдай олмаймиз. Нима қилган бўлсак, барчаси кўз олдида кино лентаси каби ўтиб туради.
Баъзан орамизда юрган айрим замондошларимизга эътибор бераман. Уларнинг фаолиятларини бир-бир назардан ўтказаман. Гоҳида нималар билан шуғулланиб юрганликларини ўзлари ҳам билмайдилар.Мақсадлари, эртанги кун ҳақидаги тасаввурлари мутлоқо мавҳум. Бефарқ ва лоқайд, ўз миллатига меҳри бўлмаган, такаббур инсонлар жамият тараққиётини умуман ўйламайдилар. Кунлари ўтса бас. Шу билан кифояланиб юраверадилар.
Қувонарли жиҳати шундаки, айрим касбдошларимиз билан суҳбатлашиб хурсанд бўламан.Қаергадир шошадилар, кимларгадир ёрдам берадилар, агентлик тизими учун елиб-югурадилар. Энг асосийси ташаббускор дўстларимиз бошқаларга ўрнак бўлиб, эзгу мақсадлар атрофида бирлашишга интиладилар.
Айни шу кунларда “Ўзстандарт”агентлиги фаолиятида қизғин янгиликлар, ўзгаришларга эшик очилмоқда.Бундай жараёнда ҳар биримиз фидоий, ташаббускор ва тизим фаолиятини ривожлантириш йўлида камарбаста бўлишимиз талаб этилмоқда.
“Ўзстандарт” агентлиги Бош директори Абдуҳамид Ўткурович Каримов ҳар доим барчадан фаол бўлишни, фидоий ва янгиликка интилувчан бўлишни талаб қилмоқда.
Бу бежизга эмас. Мамлакатимизда миқёсида, хусусан агентлик тизимида мисли кўрилмаган ислоҳотлар жараёни кетаётган бир паллада,бефарқлик, боқимандалик ва томошабин бўлиб туриш виждонли инсонга хос иш эмас.
Фурсатдан фойдаланиб, азиз ҳамкасбларимизни яна бир бор жонкуярлик билан меҳнат қилиб, ўз йўналишлари бўйича берилаётган барча топшириқларни ўз вақтида бажаришларига чақирамиз.
Ватан, Халқ, Миллат ва Оилаларимиз, Фарзандларимиз олдида ҳамиша юзларимиз ёруғ бўлсин.