Ер юзида олий мавжудод саналган одамзотнинг ички имкониятлари ва руҳиятидаги ўзгаришлари ҳозиргача тўлиқ ўрганилганича йўқ. Дунё ичра яна бир ўзгача олам мавжудку, бу одамзотнинг имконияти ва юрак кенгликлар ва унинг қувочу-ташвишлари маълум бир меъёрларга сиғмайди.
Баъзан қалбларимиз қувончга тўлиб дунёга сиғмай кетадиган дамларимиз бўлади, баъзида эса кўнглимизни кимдир оғритса кенг ва бепаён олам мўъжаз юрагимизга сиғмайдиган онлар ҳам бўлиб туради.
Ҳаётда яна бир муҳим нарса борки, бу ҳам бўлса ҳар бир инсон ўз ҳаёти ва иш фаолияти давомида ўз имкониятларидан қанчалик даражада фойдалана олишидир.
Мутахассисларнинг эътироф қилишларича, касбни тўғри танлаш, ва унга меҳр билан ёндашган ҳар бир ходим ўз фаолиятида маълум бир ютуқларга эришар экан. Ўз касбига ижодий ёндашмаган ва шу ишни қилишим керак экан, уни бажаришим лозим деган дунёқараш билан ишлаш ҳеч қандай ижобий самара бермаслиги аниқ.
Ҳозирги кунда юртимизда яшаб меҳнат қилаётган ҳар бир соҳа ходимидан ўз ишига фидоийлик ва ҳалоллик билан муносабатда бўлиш талаб қилинмоқда. Фидоий бўлмаган, бефарқликка берилган инсон мамлакат ва халқ учун ўта хавфли ҳисобланади.
Дунё саҳнида рўй бераётган безовталиклардан хулоса чиқариш, уни таҳлил этиш орқали Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан Ватанимизнинг юксак тараққиёти билан боғлиқ жараёнларга четдан томошабин бўлиб эмас, балки унинг фаол иштирокчиси бўлиш ҳар бир фуқаронинг фаол бурчига айланмоғи лозим.
“Ўзстандарт” агентлиги тизимида ҳам кейинги қисқа вақт ичида кўплаб янгиликлар ва келажак учун муҳим ислоҳотлар жараёни бошлаб юборилди. Агентлик бош директори А.Каримов тизимдаги барча раҳбарлар ва бошқарма бошлиқларидан тортиб оддий ходимлар иштирокида бўлаётган катта-кичик йиғилишларда барчадан фидоийлик билан ишлашни талаб қилмоқда.
Бу бежиз эмас. “Ўзстандарт” агентлиги тизимида аҳоли ва тадбиркорларга қулайликларни яратиш, мурожаатларга ўз вақтида жавоб бериш, жойларда сайёр учрашувларни ташкил этиш ва тарғибот-ташвиқот тадбирларини ўтказиш давр талабига айланди.
Албатта, бундай ишларнинг кўламини кенгайтириш ҳар бир раҳбар ва ходимдан ўз ишига янгича ёндашувни талаб этади.
Демак, мулоҳазаларимизга хулоса қиладиган бўлсак, агентлик раҳбарияти томонидан белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, янги ғояларни ўйлаб топиш, тажриба алмашиш ва энг асосийси, ҳар биримиз ўзимизнинг ички имкониятларимиздан тўлақонли фойдалана олсак кўзланган мақсадларимизга эришамиз.
Барча ҳамкасбларимизни фидоийлик билан ишлашга яна бир бор чақириб қоламиз. Зеро, инсоннинг куч-ғайрати ва қобиляти меъёрлару, стандартлага сиғмайди.
Ватан тақдирига бефарқ бўлмайлик!