2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишига мувофиқ қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш мамлакатимизни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ушбу ҳужжатда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатлари, уларнинг одил судловдан фойдалиш ҳуқуқи, суд ишларини юритиш самарадорлиги ҳамда сифати даражасини ошириш суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳал қилувчи йўналишлари сифатида мустаҳкамлаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонларининг қабул қилиниши суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш борасидаги муҳим қадам бўлди, шунингдек, ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг сифат жиҳатидан янги даражага ўтганлигини ифодалади. Ягона олий суд органи, ихтисослаштирилган судлар, хусусан, иқтисодий ва маъмурий судлар ташкил этилди ҳамда ушбу соҳадаги кадрларни танлаб олиш ва тайинлаш жараёни такомиллаштирилди.
Ўзбекистон Республикасининг жорий йил 12 апрелда қабул қилинган «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал ва Хўжалик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунининг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан бир қатор қонун лойиҳалари тайёрланди ҳамда парламентнинг қуйи палатасига киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2017 йил 19 октябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида депутатлар ушбу қонун лойиҳаларини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар.
Депутатлар ўз ишини «Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқишдан бошладилар. Кодекс лойиҳасида барча сўнгги янгиликлар, шу жумладан, судлар ишининг замонавий инновацион услублари, суд мажлисини аудио ва видео тарзида қайд этиш назарда тутилган. Бундан ташқари, иқтисодий суд ишларини юритишда иштирок этувчи шахслар рўйхатини кенгайтириш таклиф этилмоқда. Чет эл судлари ва арбитражларининг қарорларини тан олиш ҳамда ижрога қаратиш тўғрисидаги ишларни, шу билан бирга, юридик аҳамиятга эга фактларни белгилаш ҳақидаги ишларни кўриш тартибини назарда тутувчи боблар киритилмоқда. Низоларнинг тезда кўриб чиқилишини таъминлаш мақсадида судда кўрилишга тегишлиликнинг умумий қоидаси ўзгартирилмоқда. Чунончи, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан даъво аризалари судга уларнинг рўйхатга олинган жойи бўйича берилади, ундан ташқари келишув тартиб-таомилларига бағишланган янги боб киритилмоқда.
Шундан сўнг «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексини тасдиқлаш ҳақида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Депутатлар ушбу қонун лойиҳасида бир тарафдан, давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ҳамда бошқа тарафдан – жисмоний ва юридик шахслар, ташкилотлар ўртасидаги оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича иш юритиш тартибини қатъий белгилайдиган қонун ҳужжатлари қоидаларини бирхиллаштириш назарда тутилаётганлигини таъкидладилар.
Мажлис иштирокчилари қайд этганларидек, бугунги кунда маъмурий суд ишларини юритиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатлари қоидаларини бирхиллаштиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни яратиш ғояси ўзига хос долзарб ва муҳим аҳамият касб этмоқда.
«Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқиш давомида депутатлар Фуқаролик процессуал кодексининг тузилиши ўзгартирилганлигини қайд этдилар. Жумладан, ушбу кодекс лойиҳаси янада қулай шаклда ва мантиқий кетма-кетликда баён этилган. Мавжуд ҳуқуқий камчиликларни тўлдириш мақсадида фуқаролик суд ишларини юритишнинг процессуал қоидалари анча батафсил тартибга солинган. Фуқаролик процессуал кодексини тайёрлаш жараёнида хорижий давлатларнинг, хусусан, Германия, Франциянинг ва бир қатор МДҲ мамлакатларининг фуқаролик процессуал қонун ҳужжатлари ўрганиб чиқилди.
Таъкидлаб ўтилганидек, лойиҳада протест келтириш тўғрисидаги аризаларни назорат тартибида кўриб чиқишнинг янги тартиби назарда тутилган бўлиб, унга мувофиқ бундай аризани қабул қилиш ёки уни назорат тартибида кўриб чиқишни рад этиш судьянинг ажрими асосида ҳал этилади ҳамда ушбу ажримга Олий суд раиси ёки унинг ўринбосарлари норозилик билдиришлари мумкин. Бундай ҳолатда иш аризани кўриб чиқиш учун назорат инстанциясининг судига ўтказилади.
Фуқаролик процессуал кодексига киритилиши назарда тутилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар келгусида биринчи суд инстанцияларида ишни қайта-қайта кўриб чиқиш ҳолларининг олдини олиш имконини беради. Бу, ўз навбатида, фуқаролик ишидаги тарафларнинг бузилган ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлайди.
Биринчи ўқишда кўриб чиқилган мазкур қонун лойиҳалари суд ҳокимиятининг чинакам эркинлигини янада таъминлашга, улар фаолиятининг самарадорлигини ва обрў-эътиборини оширишга қаратилганлиги депутатлар томонидан қайд этилди.
Умуман олганда, қизиқарли баҳс-мунозара руҳида ўтган мажлисда депутатлар биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳаларига ўз нуқтаи назарларини билдирдилар.
Мажлисда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.