“Ўзстандарт” агентлиги томонидан ўтган давр мобайнида лабораторияларга 230 та замонавий жиҳоз харид қилинди. Тадбиркорлик субъектларига янада қулайликлар яратиш мақсадида жойларда янгидан 38 та мувофиқликни баҳолаш идоралари аккредитация қилиниб, 28 та мувофиқликни баҳолаш идорасининг аккредитация доираси кенгайтирилди. Пахтакор, Мирзачўл ва Чуст туманларида аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида метрологик хизмат кўрсатиш шахобчалари ташкил этилди.
Ҳозирда республикамиз вилоятлари марказларидан олисда жойлашган туманларда ташкил этилган ана шундай шахобчалар сони 32тага етди. Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 26 йиллиги байрами муносабати билан Андижон шаҳрининг кичик саноат ҳудудида “Машинасозлик ва электротехника маҳсулотларини синаш мажмуаси” қисқа муддатда қуриб ишга тушурилди.
Маълумки, Андижонда саноатни ривожлантириш, жумладан машинасозлик, электротехника ва автомобилсозликни янада ривожлантириш вилоят иқтисодиётининг устувор вазифаларидан бир ҳисобланади. Бугунги кунда вилоятда бу соҳаларда 100 дан ортиқ корхоналар фаолият юритмоқда, 2 мингдан зиёд турли хилдаги маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва деталлар ишлаб чиқарилиб, истеъмолчиларга етказиб берилаяпти. Вилоят марказида машинасозлик маҳсулотларини синаш лабораториясининг ташкил этилиши маҳаллий корхоналаримизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни тўлиқ синовдан ўтказишни таъминлаган ҳолда ишлаб чиқарувчиларга қўшимча қулайликлар яратади. Жумладан, авваллари ўз маҳсулотини синаш ишлари вилоятдан ташқарида, хаттоки бошқа хорижий мамлакатларда амалга оширилган бўлса, лабораториянинг ишга туширилиши натижасида эндиликда бу масалалар шу ернинг ўзида ҳал бўлиб, харажатлар қисқариши ва хорижий валютани тежаш имконияти яратилади.
Замонавий синов ва ўлчов воситалари билан жиҳозланган ушбу лаборатория нафақат Андижон вилояти, балки водий минтақасида фаолият кўрсатаётган корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини халқаро даражада баҳолаш ва уларни жаҳон бозорида рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Шу билан бирга 2017 йилнинг ўтган даври мобайнида:
Ўзгартиришлар киритилган ва давлат рўйхатига олинган стандартлар -1172та
Янгидан қабул қилинган ва давлат фондига киритилган стандартлар - 12 минг 166 та
Янгидан қабул қилинган халқаро стандартлар - 374 та
Халқаро талаблар билан уйғунлаштирилган стандартларнинг ўсиш даражаси - 12,7% дан 14% гача
“Ўзстандарт” агентлиги тизим ташкилотлари томонидан берилган мувофиқлик сертификатлари - 61 106 та
Жорий йил 15 август ҳолатига сифат менеджменти жорий қилинган корхоналар - 1 580 та (шунинг 656 таси экспортёр корхона)
Республикамизда бугунгача Халқаро стандартлар талабларига мувофиқ сифат менеджменти жорий этилган корхоналар сони 5 761 тани ташкил этмоқда. Йил бошидан буён сертификатлаштириш идоралари ва синов лабораторияларининг 325 тасида режавий инспекция назорати ўтказилди ва унинг натижаларига кўра:
Аккредитация тўғрисидаги гувоҳномалари тасдиқланган мувофиқликни баҳолаш органлари - 162 та
Ўрнатилган талаб даражасида ўз фаолиятини йўлга қўймагани боис гувоҳномаси тугатилган органлар - 31 та
10 кунлик муддатгача тўхтатилган гувоҳномалар - 163 та
аккредитация доираси қисқартирилган орган – 54 тани ташкил этмоқда.