Юртимизнинг тупроғи олтинга тенг. Буни экспортга жўнатилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмининг тобора ортиб бораётгани ҳам ифодалаб турибди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 19 сентябрдаги «Мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини экспорт қилишни рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотлари экспорти билан шуғулланувчиларга яна бир қулайлик яратди. 

Бугун Норвегия, Вьетнам, Таиланд, Бразилия, Кипр, Македония, АҚШ ва бошқа кўплаб давлатлар аҳолиси Ўзбекистон миришкорлари етиштирган маҳсулотларни севиб истеъмол қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини кўллаб-қувватлаш жамғармаси кўмагида жорий йилнинг ўтган даврида 2 миллиард 272 миллион долларлик экспорт шартномалари имзолангани ана шундан далолат. 

Жамғарма мутахассислари юртимизда етиштирилаётган мева-сабзавот, полиз экинларига дунё бозоридаги талабни мунтазам ўрганиб, шу асосда тадбиркорларга маслаҳатлар беришмоқда. Мисол учун, маркетинг тадқиқотлардан маълум бўлишича, Латвия ва Германияда қуритилган меваларга талаб юқори экан. Бу маҳсулотларнинг бир килограмми 2-10 доллар атрофида баҳоланмоқда. Хитойликлар эса сабзининг абако, бодрингнинг муравей навига харидор бўлишмоқда. 

Бир килограмм гилос учун Хитойда 7,3 доллар, Сингапурда 9,1 доллар таклиф қилинмоқда. Бу давлатларда узумнинг мускат, бейла навларига талаб юқори. Германия, Францияда эса Ўзбекистонда етиштирилган ўрикларни кўпроқ қадрлашар экан. Полиз экинларини кузатадиган бўлсак, Германияда бу маҳсулотларнинг йиллик импорт ҳажми 516 минг тоннани ташкил қилмоқда. Энг қиммат нарх Жанубий Кореяда бўлиб, кореяликлар бир килограмм тарвуз учун 2,8 доллар тўлашга тайёр. 

Албатта, ана шу тадқиқотлар натижаларидан хабардор бўлиб, экин етиштирган деҳқон олаётган даромадини янада кўпайтириши мумкин. Шу боис қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида жамғарма кўмагида туманларда 85 агрофирма ташкил этилди. Йил якунига қадар мазкур агрофирмаларда йигирмага яқин лойиҳа амалга оширилиши кутилмоқда. Бу эса 1 минг 590 иш ўрни яратиш ва йилига 59 миллион доллардан ортиқ миқдордаги ҳўл ва қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини амалга оширишда қўл келади. 

– Ўтган даврда агрофирмалар 128,4 миллион долларлик экспорт шартномаси имзолашга эришди, – дейди жамғарма директори Жаҳонгир Мустафоев. – Натижада 2017 йилнинг тўққиз ойида хорижий ҳамкорлардан 38 миллион доллардан зиёд маблағ келиб тушди. Мазкур агрофирмалар бу йил мева-сабзавот етиштириш, сақлаш, сортировка қилиш, қуритиш, музлатиш ва қадоқлаш лойиҳаларини амалга оширмоқда. Мисол учун, Бахмал туманида 80 гектарда "Чандлер" навли ёнғоқ кўчатлари экилди. Зомин туманидаги "Зомин Агро Фреш"да 200 гектар ёнғоқзор ташкил этиш ишлари бошлаб юборилди. 

Қашқадарё вилоятининг Қарши туманидаги "Биг агро экспорт" жамияти совутгич, тезкор музлатиш, қайта ишлаш, қадоқлаш комплекси ва замонавий иссиқхона қурмоқда. 62 гектарда етиштирилган брокколи, айсберг ва гулкарам 430 минг долларга экспорт қилинди. Яқинда Бухоро туманида иссиқхона, мураббо, жем, тузламалар ва қуритилган маҳсулотларни ишлаб чиқариш цехи ишга тушади. Корхона 2018 йил 4 миллион долларлик экспортни амалга оширади. Бу борада Навоий, Самарқанд вилоятларида ҳам қатор юмушлар бажарилмоқда. Экспортни қўллаб-қувватлаш мақсадида логистика марказлари ташкил этилмоқда. Сурхондарёда ана шундай марказ ишга тушган бўлса, Сирдарё, Қашқадарё, Фарғона ва Тошкент вилоятларида қурилиш ишлари давом этмоқда. 

Жамғарма кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига экспорт шартномалари тузиш, янги бозорларга чиқиш, чет эллардаги кўргазмаларда иштирок этиши учун молиявий ёрдам кўрсатиш, рақобатбардош товарларни жаҳон бозорига етказиш орқали мамлакатимиз иқтисодиёти ва ташқи савдодаги улушини янада кўпайтиришда фаол иштирок этмоқда. 

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун ишончли ҳамкорлар топиш мақсадида жамғарма кўплаб хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилмоқда. Яқинда "Кazakhexport" экспорт суғурта компанияси, "Kaznex invest" миллий компанияси акциядорлик жамиятлари, "Мева-сабзавот бирлашмаси" халқаро ассоциацияси ва Қозоғистон савдо корхоналари ассоциацияси билан ўзаро англашув меморандумлари имзоланди. Уларда мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Қозоғистон бозорларига етказиб беришни йўлга қўйиш, қўшма корхоналар ташкил этиш, лойиҳаларни молиялаштириш, ҳамкорликда бизнес-форумлар, кооперация биржалари ўтказиш, ишончли шериклар топиш, маркетинг тадқиқотлар ва бошқа кўплаб тадбирлар ташкил этиш орқали икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада фаоллаштириш кўзда тутилган. 

Жамғарманинг яна бир вазифаси тадбиркорларга молиявий ёрдам кўрсатишдир. Шу боис қисқа муддатга фоизсиз кредитлар берилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида 4 миллиард 588 миллион сўм миқдорида молиявий кўмак берилди. Масалан, Янгийўл туманидаги «Elit Global Plast», Тошкент шаҳридаги «Unison Group», Самарқанд шаҳридаги «Бофанда» масъулияти чекланган жамияти шундай кредитлардан фойдаланди. 

Жамғарма маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг тижорат таклифларини хорижий ҳамкорларга етказиш ва уларнинг экспорт салоҳиятини янада ошириш мақсадида юздан зиёд кичик бизнес вакилига ҳамкор топишда, икки юздан ортиғига экспорт шартномалари тузиш, банкларда рўйхатга қўйиш ва суғурта полислари, лицензия, сертификат, бошқа рухсатномаларни олишда, бир юз етмишга яқинига хорижий кўргазма ва ярмаркаларда қатнашишда амалий кўмак кўрсатди.