Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 сентябрь куни Нью-Йоркда Америка Қўшма Штатларида истиқомат қилаётган бир гуруҳ ватандошларимиз билан учрашди.
Буюк мутафаккирлар замини бўлган Ўзбекистон фарзандлари бугунги кунда ҳам юксак билим ва салоҳиятини дунёга намоён этмоқда. Жумладан, кўплаб юртдошларимиз АҚШда яшаб, ўз соҳаларида катта муваффақиятларга эришмоқда. Улар орасида олимлар, ишбилармонлар, халқаро ва жамоат ташкилотлари вакиллари, талабалар бор.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи, бу ерда яшаётган ватандошларимиз билан учрашуви уларга катта хурсандчилик бағишлади.
Америка Қўшма Штатларида сиз, қадрли юртдошларимиз билан учрашиб турганимдан бағоят хурсандман, деди давлатимиз раҳбари. Мен ушбу ташриф чоғида сизлар билан чин дилдан, самимий суҳбатлашишни аввалдан режалаштириб қўйган эдим.
Ватандан йироқда, мусофирчиликда ўз ўрнини топиш ва ҳақли эътироф қозониш нақадар машаққатли эканини барчамиз яхши англаймиз. Бундай катта ютуқларга эришиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди.
Бугун сизлар билан очиқ мулоқот қилиб, сизлар билан яқиндан танишиш, мамлакатимиз олдида турган катта-катта вазифаларни амалга ошириш борасидаги фикр ва мулоҳазаларингиз, таклифларингиз билан ўртоқлашиш ғоят муҳим, деб ҳисоблайман.
Президентимиз 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, Маъмурий ислоҳотлар концепциясининг аҳамияти ҳақида сўз юритди. Суд-ҳуқуқ, молия, кичик бизнес, туризм, тиббиёт соҳаларидаги ўзгаришлар тўғрисида маълум қилди.
Мамлакатимизда аҳолини уй-жой билан таъминлаш, илм-фан ва таълимни ривожлантириш, замонавий кадрлар тайёрлаш бўйича улкан ишлар бошлангани таъкидланди. Ўзбекистоннинг ёшларга оид давлат сиёсатининг мазмун-моҳияти, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасидаги фаолияти ҳақида сўз борди.
2017 йил Ўзбекистонда халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилинди. Одамларнинг талаб ва таклифларини эшитиш, шу асосда ижтимоий-иқтисодий дастурларни белгилаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Президентимиз қаерда бўлмасин, халқ ичига кириб, юртдошларимиз билан юзма-юз гаплашмоқда, фикр-мулоҳазаларини тингламоқда.
Мазкур учрашув ҳам очиқ ва самимий руҳда ўтди. Президентимиз учрашувга келган ҳар бир юртдошимизнинг ҳаёти ва фаолияти билан қизиқди.
Ватандошларимиз Президентимиз билан учрашиш ўзлари учун улкан шараф эканини, бундай эътибордан бошлари осмонга етганини таъкидлади. Она юртимизда илм-фан, таълим, технология, инвестиция ва бошқа соҳаларни ривожлантириш, Ўзбекистон ва АҚШ муассасалари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди.
Шавкат Мирзиёев ватандошларимизни Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга дахлдор бўлиш, замонавий билим ва тажрибаларини мамлакатимиз ривожига йўналтиришга даъват этди.
Мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшиш истагида бўлган барча чет элдаги юртдошларимизни Ўзбекистонга таклиф этаман, деди давлатимиз раҳбари. Мен уларни қўллаб-қувватлашга ва ҳар томонлама рағбатлантиришга тайёрман.
Барчангизнинг мамлакатимизни ривожлантиришга сидқидилдан ҳисса қўшишга тайёр эканингизни кўриб, чин дилдан мамнун бўлиб турибман. Ҳаммамиз жонажон Ватанимиз равнақи йўлида бир ёқадан бош чиқариб бирлашсак, олдимизга қўйган ҳар қандай юксак маррага албатта етишимизга ишонаман, деди пировардида Президентимиз.
Учрашувга йиғилганлар Президент Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилишини қайд этди. Давлатимизнинг хорижда яшаётган юртдошларимизга қаратаётган эътибори учун миннатдорлик билдирди. Ватандошларимиз мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантиришга ҳисса қўшишга тайёр эканликларини таъкидлади.
Президентимиз ватандошларимизга сиҳат-саломатлик, фаолиятларига омад ва муваффақиятлар тилади.