Мазкур қарорга мувофиқ Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди тузилди, мамлакатимиздаги йирик муассаса ва объектлар, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги марказий кўчаларга Ислом Каримов номи берилди, пойтахтимизда ва Самарқанд шаҳрида Биринчи Президентимиз ҳайкаллари қад ростлади. 2018 йилда Самарқанд шаҳридаги Ислом Каримов дафн этилган ҳудудда мақбара, шунингдек, Қарши шаҳрида Биринчи Президентимизнинг муҳташам ҳайкали тантанали равишда очилиши кутилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий мемориал мажмуа ташкил этилди. Мазкур мемориал мажмуа томонидан Буюк Йўлбошчимизни яқиндан билган мамлакатимиз ва чет эл фуқароларидан Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ хотиралари акс этган ёзма, фото ва видеоматериалларни қабул қилиш ишлари йўлга қўйилган. 

Бугун мемориал мажмуа кутубхонасига “Бақтрия-пресс” нашриёти томонидан 124 номдаги 500 дан ортиқ китоблар тақдим этилди. 

Шу муносабат билан бўлиб ўтган тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий мемориал мажмуа раҳбари Темир Ширинов, Биринчи Президентимиз турмуш ўртоғи Татьяна Каримова, “Бақтрия-пресс” нашриёти директори Лола Искалиева ва бошқалар Ислом Каримов хотирасини ёдга олиб, у кишининг Ватанимиз равнақи йўлидаги, хусусан, ёш авлодни ватанпарварлик ва юксак инсоний қадриятлар руҳида тарбиялашдаги хизматларини алоҳида эътироф этди. 

“Мустақиллик меъмори” номли ҳужжатли фильм намойиш этилди. 

 

Манба:ЎзА