Табиат ва унинг бағридаги ўзгаришлар ҳоҳлаймизми ёки йўқми сизу бизнинг руҳиятимизга ўз таъсирини ўтказади.
Баҳор фасли она табиатга яшил либосини тўшаган лаҳзаларда қалбларимиз қувончга тўлиб кетади. Ёзнинг пишиқчиликка бойлиги эса беихтиёр юракларимизга сахийлик улашгандек бўлади.
Куз фасли бошланиши билан табиат бир оз сокин тортиб, маҳзун қиёфага киради. Айни шу дамларда сувларнинг оқишида, қушларнинг сайрашларида ўзгача маъно мужассам.
Айтиш жоиз, куз маълум маънода барча соҳаларда, яъни ишимиз ва яшаш тарзимизда, фарзандларимиз тарбиясида, ўзимиз ва оиламиз ҳамда яқинларимизга эътиборли бўлаяпмизми, нималар қилдиму, нималарга улгурмадим деган саволларга жавоб излаш мавсуми десак муболаға бўлмайди.
Дарахт шохларидан чирт-чирт узилиб она замин бағрига сингиб кетаётган хазонлар кечагина ям-яшил барг бўлиб, шохларда кўкка талпинаётган эди. Бугун эса унинг умри тугаб, яна тупроққа айланмоқда.
Дунё аслида ҳам ҳисоб-китобли деганлари шу бўлса керакда. Мана шундай кезларда куз нафаси акс этган боғу-роғларда, хиёбонларни кезиб,хаёл суришнинг ўзгача гашти бор. Энг муҳими инсон шундай кезларда ўзи билан ўзи суҳбатлашиб, ўзига ўзи ҳисобот беради.
Юртимизда кечаётган янгиланиш ва ислоҳотлар, халқнинг кўнглига йўл топиш, оғирини енгил қилиш, инсон манфаатларига эътиборнинг кучайиб бораётгани каби ҳаракатлар бевосита жамиятимиз тарақиёти учун бўлаётгани барчамизни бирдек қувонтиради. Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшаш ва меҳнат қилиш ҳар бир соҳа вакилининг муқаддас бурчига айланмоғи давр талабига айланмоқда. Айни кузнинг ўйчан ва маҳзун кезларида фидоийлик тушунчаси ҳар қачонгиданда кўпроқ муҳмдек туюлмоқда.
Зеро, томчида қуёш акс этгани каби фидоийлик бор жойда тараққиёт ва барака бўлади.