Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, БМТнинг Жануб-жануб ҳамкорлиги бошқармаси, Халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш жамғармаси, Ислом тараққиёт банки ҳамкорлигида ташкил этилган семинарда Венгрия, Марокаш, Судан, Тунис, Туркия, Қирғизистон ва Қозоғистондан келган олим ва мутахассислар, тадбиркор ва фермерлар иштирок этди.
Меҳмонлар дастлаб Самарқанд туманидаги “Оҳалик олтин боғи” масъулияти чекланган жамияти интенсив боғлари билан танишиб, бу ердаги иш жараёнини кузатди. Мева-сабзавот етиштириш, уни сақлаш ва хорижга экспорт қилиш бўйича атрофлича маълумот олди.
– Туркияда ҳам интенсив боғлардан мўл ҳосил олинади, – дейди Туркиядаги Эжин қишлоқ хўжалик институти мевачилик агрономи Андор Човдар. – Лекин Ўзбекистонда шу усулда етиштирилаётган меваларнинг таъми ҳам, сифати ҳам анча юқори. Бу, аввало, юртингиз иқлими шароити, тупроғи ва суви билан боғлиқ. Шу билан бирга, ўзбекистонлик боғбонлар, соҳа мутахассисларининг интенсив боғдорчиликда қисқа вақтда катта тажриба тўплаганини ҳам эътироф этиш лозим. Бунинг самарасини юртингизда етиштирилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотларига хорижда талаб ортиб бораётганида ҳам кўриш мумкин. Бугун “Оҳалик олтин боғи” фаолияти билан танишиб, кўп янгиликлардан бохабар бўлдик, тажриба алмашдик.
Халқаро семинар иштирокчилари Жомбой туманидаги биолабораторияда бўлиб, замонавий технологиялар ёрдамида интенсив боғлар учун пакана ва ярим пакана дарахт кўчатлари тайёрлаш, картошка уруғи етиштириш жараёни билан танишди.
– Бугунги кунда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига замонавий технологияларни жадал жорий этаётган мамлакатлардан бири ҳисобланади, – дейди Венгрия мева маданияти тадқиқотлари институти вице президенти Ева Преинингер. – Чунки мазкур соҳада бу ерда жуда катта имконият, бой табиий ресурслар мавжуд. Улардан анъанавий усулларда фойдаланиб жаҳон бозорида муносиб ўрин эгаллаш қийин. Оддий мисол, интенсив боғдорчилик ёки сабзавот етиштиришни ҳисоб-китоб қилиб кўринг. Янги усулда ҳосилдорлик бир неча баробар юқори бўлиши, маҳсулот сифати халқаро талабларга тўла мос келиши ва моддий манфаатдорлик салмоқли бўлишини кўриш мумкин. Бунга бугун фаолияти билан танишганимиз фермер хўжаликларида ҳам гувоҳ бўлдик.
Тадбир иштирокчилари Самарқандга ташриф давомида вилоятдаги тарихий-маданий ёдгорликлар, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилди.