“Ўзбекипаксаноат” уюшмасида “Ипакчилик муаммолари, соҳага нанотехнологияларни жорий этиш ҳамда чиқиндисиз маҳсулотлар ишлаб чиқариш” мавзуида олимлар ва ишлаб чиқарувчилар ўртасида очиқ мулоқот ўтказилди.
«Ўзбекипаксаноат» уюшмаси раиси Б.Шарипов, Полимерлар кимёси ва физикаси институти директори С.Рашидова ва бошқалар ипакли кийим-кечаклар, турли маҳсулотлар билан ички ва ташқи бозорни таъминлашда янги имкониятлар яратилаётгани, шу боис пиллачилик соҳаси ҳар жиҳатдан юксалиб бораётганини таъкидлади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 29 мартдаги «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда. Унга кўра, 2023 йилгача тизимдаги корхона ва ташкилотларга солиқ имтиёзлари ва бошқа қатор преференциялар берилди.
Мутахассислар пилла ғумбагидан олинаётган хитин ва хитозан табиий полимер бўлиб, улар тиббиёт ва қишлоқ хўжалиги тизимида кенг қўлланилаётганини қайд этди. Ғумбак ёғи косметология йўналишида, оқсил эса чорвачилик, балиқчилик ва паррандачиликда озуқа сифатида муҳим ўрин тутади. «Бухоро бриллиант силк» корхонаси айни вақтда ғумбакдан олинадиган ёғни чет давлатларга экспорт қилмоқда.
Очиқ мулоқотда ипакчиликка нанотехнологияларни кенг жорий этиш, бундай технология кўмагида олинган ипак толаларидан ишлаб чиқариладиган матоларнинг чидамлилиги одатдаги матоларга нисбатан анча баланд бўлиши қайд этилди.
Полимерлар кимёси ва физикаси институти билан “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.