Ўтаётган шукуҳли дамлар барчамизни муборак байрамлар сари етакламоқда. Шу муносабат билан юртимизнинг барча жойларида маънавий-маърифий учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда.

          Истиқлол байрами муносабати билан “Ўзстандарт” агентлигида ҳам маърифий тадбир ташкил этилди.

           Учрашувга Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси сиёсий шарҳловчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Қобилбек Каримбеков таклиф этилди.

          Маънавий учрашувда мамлакатимиздаги тинчлик-хотиржамликни асраб-авайлаш,огоҳликка даъват, фарзандлар тарбиясида ҳушёрликни ошириш каби мулоҳазалар ўртага ташланди.

         Ҳеч кимга сир эмас, бугунги кунда дунёнинг айрим мамлакатларида содир бўлаётган террорчилик ҳаракатлари, унда бегуноҳ одамларнинг қони тўкилаётгани, ёш болаларнинг бир парча нонга муҳтож бўлиб кун кечираётгани, сиёсий шарҳловчи томонидан алоҳида мисоллар ёрдамида тилга олинди.

         Албатта, бундай кўнгилсиз воқеалар биздан анча олисда содир бўлмоқда.  Лекин бу ҳолат бизни хотиржамликка берилмасдан жонажон Ватанимизнинг ҳар бир қарич тупроғини кўзларимизга тўтиё айлашга, бефарқ бўлмасдан юртимизнинг эртанги порлоқ келажаги учун фидоийлик билан яшаш ва меҳнат қилишга ундаши маърифий учрашувда эътироф этилди.