2017 йил 25 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.
Сенаторлар Тошкент вилояти Тўйтепа шаҳрининг номини ўзгартириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар.
Аввал хабар берилганидек, Сенат Тўйтепа шаҳрини Тошкент вилоятининг маъмурий маркази этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилган эди.
Мажлиснинг иккинчи куни сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78-моддасига ва “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 7-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳакамасининг таклифини кўриб чиқиб, Тошкент вилояти Тўйтепа шаҳрини Нурафшон шаҳри деб ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилдилар.
Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 80-моддасига мувофиқ сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг бир қатор судьяларини сайлаш тўғрисида қарор қабул қилдилар. Номзодларни муҳокама қилиш чоғида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 февралда қабул қилинган судьяларни танлаб олиш ва лавозимларга тайинлаш тизимини тубдан ислоҳ қилишга доир чора-тадбирларни назарда тутувчи “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонини изчил ва сўзсиз рўёбга чиқариш муҳим эканлиги таъкидланди.
Сўнгра сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг Туркия Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимига тайинлаш тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларининг одоби қоидаларига қўшимчалар ва ўзгартиш киритиш тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламентига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раисини сайлаш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқдилар. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмиталари таркибига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламент ва одоб комиссияси таркибига ўзгартиришлар киритилди. Ушбу масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Сенаторлар Ўзбекистон Республикасидаги маданият ва истироҳат боғларида, шунингдек, бошқа маданий-кўнгилочар масканларда ўрнатилган юқори технологияли аттракционлардан фойдаланувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш юзасидан йўлга қўйилган давлат назоратининг ҳолати тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Ариповга юборилган парламент сўрови натижалари бўйича ахборотни муҳокама қилдилар.
Қайд этилганидек, парламент сўровига мувофиқ вазирликлар ва идоралар раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан 148 та маданият ва истироҳат боғининг ҳолати ўрганилди. Маданият ва истироҳат боғларида ишлаб турган 1 758 та аттракцион ва ўйин қурилмаси улардан фойдаланишда хавфсизликни таъминлаш нуқтаи назаридан текширилди.
Жойлардаги ишларнинг ҳолатини ўрганиш натижаларига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан мазкур объектлардан хавфсиз фойдаланишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга, ушбу соҳадаги ягона давлат назорати самарадорлигини оширишга йўналтирилган тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Муҳокама чоғида сенаторлар қатор тавсиялар билдирдилар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тадбирлар режасида назарда тутилган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли ижро этилишини таъминлаш муҳимлигини қайд этдилар. Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасига мазкур масала бўйича Сенат қабул қилган қарорнинг ижро этилиши устидан мониторинг юритиш топширилди.
Шундан сўнг сенаторлар “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти таркибига кирмайдиган корхоналар темир йўлларини сақлаш ва улардан фойдаланиш ҳолати, шунингдек, ушбу корхоналарда темир йўл орқали ташувлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича давлат назоратининг ҳолати тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига парламент сўрови юбориш ҳақидаги масалани кўриб чиқдилар.
Ялпи мажлисда Олий Мажлис Сенатининг ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.
Сенатнинг ўн биринчи ялпи мажлисида мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишга, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурини босқичма-босқич ижро этишга қаратилган 27 та масала, шу жумладан, 10 та қонун (шундан 6 таси янги қонун) кўриб чиқилди. Сенатнинг ўн биринчи ялпи мажлисида қабул қилинган қарорлар фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари кафолатларини янада мустаҳкамлашнинг, аҳоли турмуш даражасини оширишнинг, мамлакатда барқарорлик ва фаровонликни мустаҳкамлашнинг муҳим омили бўлиши таъкидланди.