27-30 апрель кунлари “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазмалар комплексида Тармоқлараро саноат ярмаркаси бўлиб ўтди.

Бугунги кунда мамлакатимизда саноат, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқариш, уларни қайта ишлаш борасида салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, тармоқларга замонавий техника ва технологияларнинг жалб этилаётгани ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифати, уларнинг рақобатбардошлигини таъминламоқда. Уларни истеъмолчиларга етказиб беришда эса Тошкент шаҳари ҳамда вилоятлар марказларида ташкил этилаётган саноат ярмаркалари, кўргазмаларининг ўрни катта бўлаяпти.

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 3 мартдаги “2016 йилда Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасини ташкил қилиш ва ўтказиш чора-тадбирлари ҳақида”ги 67-сонли қарорига асосан жорий йилнинг 27-30 апрель кунлари “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазмалар комплексида Тармоқлараро саноат ярмаркаси бўлиб ўтди. Ярмаркада  Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги,  “Ўзпахтасаноатэкспорт”, ХК, “Ўзбекчармпойафзал” АК, “Ўзозиқовқатхолдинг” ХК, “Ўздонмаҳсулот” АК, “Ўзвиносаноат-холдинг” ХК, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ҳамда “Ўзмахсусмонтажқурилиш” АК ва улар таркитбига кирувчи корхоналар, яъни мебель, озиқ овқат, электротехника, қурилиш материаллари, енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи 700дан ортиқ корхона ҳамда тадбиркорлик субъектлари ўз маҳсулотлари билан қатнашишди.

 Ярмаркада “Ўзстандарт” агентлиги “Тошкент синов ва сертификатлаштириш маркази” давлат корхонаси мутахассислари ҳам иштирок этишиб, саноат корхоналари вакиллари, тадбиркорлар ва маҳсулот ишлаб чиқарувчилар билан маҳсулотларни сертификатлаш, сифат тизимларини жорий этиш борасида шартномалар имзолашди. Шунингдек тадбиркорларнинг ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини янада яхшилашда нималарга эътибор бериш борасидаги саволларига бевосита ярмарка давомида жавоб беришди.