Айни пайтда 24 умумтаълим мактаби, 15 мактабгача таълим муассасаси, 8 соғлиқни сақлаш ва 5 болалар спорти иншоотида қурилиш-таъмирлаш ишлари авжида. 46 ичимлик суви тармоғи ва 17 бошқа иншоотлар қурилишига 21 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирилган. 

Гап ижтимоий соҳа иншоотлари қурилиши ҳақида борар экан, Жиззах шаҳрига алоҳида тўхталиш жоиз. Кўп йиллар давомида вилоят марказини қайта қуришга молиявий имкониятлар чеклангани шаҳарнинг нафақат ташқи кўриниши, балки ички инфратузилмасига ҳам салбий таъсир кўрсатган. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бугунги кунда Жиззах шаҳри бош режа асосида қайта қурилмоқда. Замонавий уй-жойлар, янги йўл ва кўчалар, хиёбонлар барпо этилаётир. Таълим, тиббиёт муассасалари қайта таъмирланмоқда. 

Шаҳарнинг гавжум ҳудуди – Темирйўлчилар ва Тошкент кўчаларининг меъморий ечими бўйича ишлаб чиқилган лойиҳа асосида темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш, аҳолини арзон, замонавий уй-жойлар билан таъминлашга қаратилган қурилиш ишлари давом этмоқда. Жорий йилда ниҳоясига етказилиши мўлжалланаётган ушбу реконструкция ишлари шаҳарда транспорт воситалари ҳаракатига, темир йўл вокзалига келиб-кетувчиларга катта қулайлик яратади. 

Президентимизнинг 2017 йил 27 мартдаги “Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар асосида амалга оширилаётган ишлар Жиззахнинг эски шаҳар қисми қиёфасини бутунлай ўзгартирмоқда. 6,4 гектар майдонда Шароф Рашидов хиёбони барпо этилиб, унинг ҳайкали ўрнатилади, гўзал фаввора қурилади. 

Айни пайтда ҳайкал ўрни, фаввора қурилиши ниҳоясига етказилмоқда. Шароф Рашидов уй-музейи жойлашган кўча реконструкция қилиниб, кенгайтириш ишлари тугалланмоқда. Шаҳарнинг ушбу ҳудудида барпо этилаётган яна бир йирик иншоот – Ҳамид Олимжон ва Зулфия хиёбонини ҳам шу йил ноябрь ойида якунига етказиш белгиланган. 

– Қурилиш-таъмирлаш ишларини Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллик юбилейи – ноябрь ойига қадар якунлаймиз, – дейди вилоят архитектура ва қурилиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Э.Қўлдошев. – Ҳозиргача асосий ишлар тугатилди. Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларининг ҳам асосий қисми бажарилди. 

Жорий йилда ижтимоий иншоотлар қурилиши кўлами нафақат вилоят маркази, балки туманларда ҳам сезиларли даражада кенгайди. 

Давлатимиз раҳбари шу йил 27 апрель куни Жиззах вилоятига ташрифи давомида Шароф Рашидов туманидаги “Учтепа” массивида янгиланган намунавий лойиҳалар асосида барпо этилган уй-жойларда яратилган шароитлар билан танишиб, аҳолини арзон турар жойлар билан таъминлашни янада яхшилаш бўйича топшириқлар берган эди. 

Айни пайтда ушбу массивда ҳар бири 16 хонадондан иборат икки қаватли 6 уй қурилмоқда. Уйлар Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллик байрами арафасида ўз эгаларига топширилади. 

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурига мувофиқ амалга оширилаётган мурувват тадбирлари доирасида "Учтепа" массивидаги 2 ва 3 хонали 6 хонадон эҳтиёжманд оилалар, жисмоний имконияти чекланган фуқароларга имтиёзли ипотека кредити асосида берилди. 

Замонавий уй-жойлар қишлоқ кўркига кўрк қўшиш ва аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш билан бирга, одамларнинг юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасига, эртанги кунга ишончини мустаҳкамламоқда. 

2017 йилда вилоятда янгиланган намунавий лойиҳалар асосида 908 уй қурилмоқда. Ҳозиргача уларнинг 42 таси фойдаланишга топширилди. 866 уйда қурилиш ишлари давом этмоқда. Ушбу уйларнинг 430 таси август ойида, 436 таси сентябрь ойида ўз эгаларига топширилади. 

Вилоятда саноат, қишлоқ хўжалиги тармоқларини ривожлантиришга йўналтирилган истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 2017-2018 йилларда енгил саноатни ривожлантириш дастури доирасида Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан “Элегант текс”, “Пахтакор голд текс”, “Фориш голд текс”, “Зомин текстиль”, “Зарбдор текстиль” каби корхоналарда умумий қиймати 111 миллион долларлик истиқболли лойиҳалар амалга оширилаётир. 

“Асакабанк”, “Ипотекабанк” ва “Алоқабанк” томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар тўқимачилик ва тикувчилик саноатини ривожлантириш, етиштирилаётган пахта толасини ҳудуднинг ўзида қайта ишлаш ҳажмини кенгайтириш имконини бериш баробарида, аҳолини сифатли кийим-кечак билан таъминлашга хизмат қилмоқда. 

Президентимиз вилоятга ташрифи чоғида Жиззах шаҳридаги "Бону ширинликлари" корхонасининг қандолат ва шоколад маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси билан ҳам танишган эди. Умумий қиймати 14 миллиард сўм бўлган ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши 150 янги иш ўрни яратиш имконини беради. 

– Хориждан 2 миллион евродан ортиқ маблағ эвазига шоколад ва вафли тайёрлаш технологиялари келтириб, ишлаб чиқаришни яна кенгайтирдик, – дейди корхона бош ҳисобчиси Бобур Исроилов. – Айни пайтда корхонамизда “Deya” бренди остида ишлаб чиқарилаётган 50 дан ортиқ турдаги қандолат маҳсулотларини Афғонистон, Тожикистон ва Туркманистон давлатларига экспорт ҳам қилмоқдамиз. 

Вилоятнинг Зомин туманида токзорлар, иссиқхона қуриш, асал етиштириш, Бахмал туманида 2 минг бош қорамол боқиладиган ва сутни қайта ишлайдиган завод, Фориш туманида наслли эчкиларни кўпайтириш ва эчки сутини қайта ишлаш агрофирмаси ташкил қилиш, Ғаллаорол туманида ёнғоқзорлар барпо этиш, Айдар-Арнасой кўллар тизимида балиқчиликни ривожлантириш лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш бўйича белгиланган чора-тадбирлар изчил давом эттирилмоқда. 

Буларнинг барчаси мамлакатимиз иқтисодий қудратининг юксалиши, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. 

 

 

 ЎзА