Мазкур Қонун талабларига кўра, мувофиқлик сертификати бўлмаган маҳсулотни реализация қилиш тақиқланади. Аммо, Тошкент шаҳар, Учтепа туманида яшовчи фуқаронинг Фарход бозоридаги Шаршара дўконида сифатсиз колбаса маҳсулоти сотилаётганлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига қилган мурожаати бўйича ўрганиш натижасида қонун талабларига риоя этилмаётганлиги аниқланди.
Хусусан, “Ўзстандарт” агентлиги тизими масъул ходимлари томонидан жорий йилнинг июль ойида “KOZIMJON RENTING SERVIS” МЧЖда режадан ташқари ўтказилган инспекция назоратида “FAZO” нонушта учун номли колбаса маҳсулоти мувофиқлик сертификатисиз 100 кг. миқдорида ишлаб чиқилиб, сотилганлиги аниқланди.
Юқоридагиларни эътиборга олиб, Ўзбекистон Республикасининг “Маҳсулот ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида”ги Қонунининг “Тайёрловчиларнинг (тадбиркорларнинг) мажбурий сертификатлаштириш қоидаларини бузганлиги учун жавобгарлиги” тўғрисидаги 23-моддаси талабларига кўра, “KOZIMJON RENTING SERVIS” МЧЖ директори Дўстмухамедов Шухрат Турабович маъмурий жавобгарликка тортилди.